[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

15.07.2024. Оддий фуқаро кутилмаганда рўбарў келадиган, унинг ҳаловати ва вақтини ўғирлайдиган масалалар, аслида, кимнингдир эътиборсизлиги, мурожаатга ўз вақтида нописанд ёки юзаки қараши натижасида келиб чиқади. Бунга Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги «Мажнунтол» маҳалласида яшовчи Олмахон Ғофуровадан тушган мурожаат яққол мисол бўла олади. У Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар мурожаатларини қабул қилувчи 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» орқали қуйидагича мурожаат қилган:

«Уч нафар фарзандим бор. Никоҳимиз қонуний равишда бекор қилинган. Собиқ турмуш ўртоғим Отабек Тошбоев туманимиздаги 21-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. У «Деҳқонариқ» маҳалласида яшайди. Алимент пулларини ундириш масаласида 2018 йилда Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига мурожаат қилдим. Суд қарори чиқди. Аммо собиқ турмуш ўртоғим қонунда белгиланганидек эмас, аксинча, ўзи хоҳлаган миқдорда алимент тўлаб келмоқда. Бу масалада ёрдам сўраб Мажбурий ижро бюросининг Шеробод тумани бўлимига мурожаат қилдим, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади…».

О.Ғофурованинг мурожаати тегишли идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда атрофлича ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, ҳақиқатан ҳам Шеробод туманлараро фуқаролик суди томонидан 2018 йилнинг 26 январида қарздор О.Тошбоевдан фуқаро О.Ғофурова фойдасига вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги тегишли қарор ижрога қаратилган. Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида қарздор О.Тошбоевга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқларини вақтинчалик чеклаш чораси қўлланган. Айни пайтда мол-мулклари ҳақида ваколатли ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида унинг яшаш манзили кўздан кечирилган ва унга тегишли мол-мулк мавжуд эмаслиги аниқланган. О.Ғофурованинг касаба уюшмаларига мурожаатини ўрганиш давомида йўл қўйилган сансалорлик натижасида О.Тошбоев алимент тўловларидан 14 миллион сўм қарздор экани маълум бўлган. Ушбу алимент 2024 йилнинг 29 май куни тўлиғича О.Ғофурова фойдасига ундириб берилган.

Худди шундай эътиборсизлик ва сансалорлик туфайли Шеробод тумани «Ойинли» маҳалласида яшовчи Наргиза Садатованинг ҳам ҳаловати йўқолди. Ахийри у «Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га тумандаги «Тароқли» маҳалласида 2 хонали уйи борлиги, аммо ҳеч ким яшамаслиги, шундай бўлса-да, унга электр энергиясидан 450 минг сўм қарздорлиги борлигини маълум қилишган. Шу йил бошида эса тармоқ ходимлари ҳеч ким йўқ уйга келиб, асоссиз равишда 900 минг сўм жарима солишиб, уйини электр тармоғидан узиб қўйишган.

Айни пайтда ўзи иш жойи узоқ бўлгани учун онасининг уйида яшаб, ўша ердан ишга қатнаётганини, электр ҳисоблагични текширтирганда, 48 минг сўм пули борлигини, шундай бўлса-да, нега унга бундай катта миқдорда жарима солишганини аниқлаш учун уч ой давомида электр тармоқлари идорасига қатнаб, ҳеч бир натижага эриша олмаганлигини билдирган. Ушбу мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий филиалидан олинган жавоб хатида муаммо ечимини топиб, хонадон электр энергияси билан таъминлангани айтилган.

Ҳаёт гирдоби, турмуш қийинчиликлари одам боласини кутилмаган муаммоларга дучор қилаверади. Шундай экан, уларга ечим топиш, юртдошларимизнинг тўкис яшашини таъминлашга ҳисса қўшиш – ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим. 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони» ходимлари фуқаролар ҳаётида юзага келган муаммоларни катта ёки
кичик дея сараламай, алоҳида эътибор билан қараётгани ана шу бурчнинг жиддият билан ўталаётганидан далолатдир.

Чори Жумақулов