[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.07.2024. Деҳқонобод туманидаги 6-мактабда рус тилидан дарс берадиган Бекмурод Ашуров меҳнат фаолияти давомида хасталаниб, овоз пардаси шикастланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти клиникасининг тиббий баённомасига кўра, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси Сурхондарё вилояти 83-ТИЭК томонидан унга III гуруҳ ногиронлик даражаси белгиланди. Касбий фаолиятини йўқотганлик даражаси эса 40 фоиз этиб қайд этилди.

Соғлиғини йўқотган муаллимнинг касб касаллигига чалингани муносабати билан бир йўла ва ойма-ой бериладиган нафақа пули тўланишини сўраб, Деҳқонобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қилган мурожаати қаноатлантирилмади. Шундан сўнг у касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгашига ариза ёзди. Вилоят кенгаши ҳуқуқшунослари иш билан танишиб, сўралган нафақаларни тўлаб бериш ҳақида жорий йилнинг 4 мартида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдимнома киритишди. Аммо иш нимагадир пайсалга солинди.

Охир-оқибат судга ариза беришга тўғри келди. У фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, Деҳқонобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда 6-мактаб ҳисобидан Бекмурод Ашуров фойдасига 80 851 117 сўм зарар пули ундириш белгиланди. Шунингдек, жавобгар зиммасига Ашуровга 2023 йилнинг 14 декабридан бошлаб зарар пулини 2 695 048 сўмдан ойма-ой базавий ҳисоблаш миқдорининг оширилган суммасига мутаносиб равишда кўпайтириб тўлаб бориш мажбурияти юклатилди.

Одилжон Маҳмудов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши бош мутахассиси