29.07.2024. Каттақўрғон тумани «Мулла Тоғай» маҳалласида жойлашган «Сўғдиёна» болаларни соғломлаштириш оромгоҳи «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси тасарруфида бўлиб, бу масканда яратилган шарт-шароитлар, жамоанинг ширин муомаласи, болажонларнинг шодон кулгиси қалбларга олам-олам хушкайфият бағишлайди.
Оромгоҳ сўлим, соя-салқин ҳудудда жойлашган. Кўкка бўй чўзган кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтлардан ҳовлига тангадек нур тушмайди, саноқсиз гуллар эса дилларга янада завқ бағишлайди. Ҳовлига кириб борар экансиз, гўёки ўзингизни янги оламга тушгандек ҳис этасиз.
460 ўринли бу оромгоҳда ҳар йили «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Навоийуран» давлат корхонаси ва «НКМК жамғармаси» давлат муассасасида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари ёзги таътилни мазмунли ўтказмоқда. Бундан кончиларнинг ўзлари ҳам, фарзандлари ҳам ниҳоятда мамнун.
Болажонлар вақтни мазмунли ва қувноқ ўтказишлари учун бу ерда ҳар хил тўгараклар ташкил этилган. Дастур асосида уюштирилаётган турли ўйинлар, спорт тадбирлари, саёҳатлар уларга ўзгача завқ бағишламоқда.
– Замонавий ошхона анжомлари, маиший техникалар билан таъминланган бу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган, – дейди «НКМК жамғармаси» давлат муассасаси «Нуробод» ҳудудий бошқармаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Умид Назаров. – Овқатланиш рациони санитария-игиена қоидаларида белгиланган бўлиб, уларнинг сифати доимий назоратда. Шунингдек, болаларнинг саломатлигига малакали шифокор ва ҳамширалар масъул. Бунинг учун тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, керакли дори-дармонлар билан таъминланган.
– Бу ер менинг севимли масканимга айланди, – дейди таътилни шу масканда ўтказаётган Абдумалик кўзлари қувончдан порлаб. – Тўгараклар, турли танловлар, янги дўстлар, барчаси менга ёқди. Бу ерда расм чизамиз, китоб ўқиймиз, чўмиламиз, мультфильмлар кўрамиз, турли шакллар ясаймиз, футбол ўйнаймиз. Ёз биз учун соз ўтмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси кенгаши йўриқчиси Малика Холмуродованинг маълумот беришича, бу йил 11 та оромгоҳда тўрт мавсум давомида 12 минг нафардан ортиқ болажонни соғломлаштириш режалаштирилган.
Дилдора Каримова