31.07.2024. Сўнгги етти йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан дўстона алоқалари қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзу-интилишларини яққол ифода этмоқда.
Халқаро ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида Халқлар дўстлиги куни байрами арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида қўшни Қирғизистон Республикасининг Қадамжой туманидан бир гуруҳ нуронийлар ўз саломатликларини тиклашлари ҳамда кейинги йилларда мамлакатимизда, жумладан, Фарғона вилоятида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Чимён қишлоғидаги табиати сўлим сиҳатгоҳга таклиф этилди.
Икки давлатнинг ҳудудлар ҳокимларининг келишуви асосида ташкил этилган тадбирда меҳмонлар «Водил» чегара-божхона постида кутиб олинди. Сўнг сиҳатгоҳ томон йўл олинди. Сиҳатгоҳда ўзбекона урф-одату карнай-сурнай садолари остида меҳмонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Қардош халқ нуронийларининг сиҳатгоҳда мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Шунингдек, ҳар бир кун учун алоҳида маданий-маърифий тадбирлар ва саёҳатлар режалаштирилган. Мақсад эса битта. У ҳам бўлса: дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўз юртларига бир олам таассуротлар билан қайтишларига эришишдир.
Шоҳсултон Тўхтаматов