[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.08.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг 120 йиллик тарихи, 2025 йилда ушбу санани юқори савияда нишонлашга тайёргарлик жараёнларида тармоқ касаба уюшмасининг иштироки, тармоқ тизимида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.  Шунингдек, 2025 йилда тармоқ касаба уюшмаси тизимида ўтказиладиган ҳисобот-сайлов компаниясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича керакли тавсиялар берилди.

Йиғилиш давомида кун тартибидан ўрин олган “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дастури ижросини таъминлашда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари роли” тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Хусусан, мазкур жараёнда меҳнат жамоаларидаги бошланғич қўмиталарнинг фаол иштирок этаётгани, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларни жамоа шартномалари билан янада кенгроқ қамраб олиш, уларда белгиланган тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилишига эътиборни кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да самарали амалга оширишга қаратилган Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар учун Самарқанд, Бухоро ва Жиззах вилоятларига саёҳатлар ташкил этилгани, “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендианти”, “Кимёвий таҳлил лаборанти” ҳамда “Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшма ташкилоти” кўрик-танловлари ўтказилгани қайд этилди.

Меҳнатни муҳофаза қилишга оид масалалар муҳокамаси жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат муҳофазаси  бўйича қарорлари ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг 1-ярим йиллик иш режаси ижроси, жумладан, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва бандликни таъминлашга кўмаклашиш, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида “Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт” халқаро кимё ҳафталиги ва “Кимё саноати ёш мутахассислари” илмий-интеллектуал форуми якунлари, форум доирасида ўтказилган кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, семинар-тренинглар ҳамда “Раҳбар ва ёш ходимлар” учрашувлари натижалари ҳам муҳокама этилди.

Кун тартибига биноан тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, бош ҳисобчи, меҳнат ҳуқуқ инспектори ва ташкилий ишлар бўйича бош мутахассис томонидан тармоқ тизимидаги корхоналар  фаолиятини ўрганиш бўйича ахборот берилди.

Тадбирда тармоқ тизимидаги корхоналар тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида “Ёз – 2024” мавсумининг бориши тўғрисида бошланғич касаба уюшма қўмиталари раисларининг маълумотлари ҳам тингланди.

Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси