30.08.2024. Маълумки, касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Албатта, бунда энг яқин ҳамкор бу иш берувчилардир.
Иш берувчи томонидан ишчи-ходимларга эътибор ва қўллаб-қувватлаш, рағбат бўлса, ташкилотда, албатта, иш унумдорлиги ошади. Ишчиларнинг ишга бўлган меҳри янада ортади.
Бугунги кунда вилоятимиздаги 3800 дан ортиқ корхона-ташкилотлардаги 600 мингга яқин ишчи-ходим касаба уюшмаси атрофида бирлашиб, унинг имтиёз ва имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратишда Жамоа шартномалари муҳим ўрин тутади.
Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари Кенгашнинг 2024 йил 13 майдаги 4-сонли қарорига асосан иш берувчилар ва касаба уюшмаси ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, Жамоа шартномалари орқали ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида “Энг яхши ижтимоий шерик” кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида “Энг яхши ижтимоий шерик” кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев йиғилганларни Истиқлол айёми билан табриклаб, танловга Жамоа шартномаларини намунали бажариб, Халқаро меҳнат ташкилоти талаблари асосида иш юритиб келаётган вилоятимиздаги энг йирик корхона-ташкилот ва муассасалардан танловда иштирок этиш учун керакли ҳужжатлар келиб тушганини ва ҳужжатлар Ишчи гуруҳи томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг ғолиблар номи эътироф этилди. Фахрли 1-ўринга “Авто ойна” Акциядорлик жамияти лойиқ топилган бўлса, 2-ўрин “Posco international textile” қўшма корхонасига ҳамда 3-ўрин Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига насиб этди.
Шунингдек, “Ишчи ходимларга энг яхши шароит яратиб берган ташкилот” номинацияси бўйича Данғара туманидаги 34-умумтаълим мактаби ва “Энг талабчан ижтимоий шерик” номинацияси бўйича вилоят рус драма театри рағбатлантирилди.
Ғолибларга танловнинг кейинги Республика ва Марказий Осиёда ўтказиладиган якуний босқичларида ҳам фаол иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин эгаллашларига умид билдирилди.
Танлов ғолиб ва совриндорларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг маслахатчиси