[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.10.2024. Муҳандислик сир-асрорларини ўргатишга ихтисослашган Фарғона политехника институтида 1 минг 206 нафар профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходим меҳнат қилади.

Мингдан ортиқ касаба уюшма аъзоларини манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тиргак бўлиш, керакли пайтда ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг корига яраш касаба уюшма етакчисидан фидойилик талаб қилади.

Бахтиёр Дадажонов Фарғона политехника институтида касабақўм бўлиб ишлаб келаётганига қарийб 11 йил бўлди. Бу давр ичида у ишчи-ходимларнинг ҳақиқий суянчиғига айланди. Кенгфеълли бу фидойи инсон ҳар-бир ишчи-ходимни беш қўлдек билади. Жамоа ҳам шунга яраша касаба уюшма етакчисини яхши билади. Кимнингдир бошига бирор мушкул иш тушса ёки кўмакка эҳтиёж сезса, касаба уюшманинг кўмагига суянади.

…Олийгоҳ қаровули Хосилжон Сиддиқовнинг саломатлиги ёмонлашиб, дори-дармонга қийналиб қолди. Даволанмай деса яна бўлмайди… Унинг касаба уюшмаларига қилган мурожаати беэътибор қолмади. Унга саломатлигини тиклаш учун моддий ёрдам ажратилди.

Матлубахон Акбарова ҳам шу даргоҳнинг аъзоси. Бу ерда у фаррош бўлиб ишлайди. Оиласидаги етишмовчилик сабаб озгина қийналиб қолди. У ҳам касаба уюшма қўмитасининг кўмаги сабаб мушкули осон бўлди.

Олийгоҳнинг фидойи устозларидан бири Шавкатжон Хонқуловнинг саломатлиги бироз орқага кетди. Бундан хабар топган касаба уюшма етакчиси унга дархол ёрдам қўлини чўзди. Бу кўмак унинг тезроқ шифо топишига сабаб бўлди.

Аслида бундай кўмак ва ёрдамларни кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин. Лекин ҳамма гап ишчи-ходимларга бўлган эътибор ва ғамхўрликда. Қаерда ходимларга эътибор бўлса, қўллаб-қувватланса, ишда унум ва барака бўлади.

— Олийгоҳда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим биз учун қадрли. Уларнинг самарали меҳнати сабаб олийгоҳимиз кўплаб ютуқларга эришиб келмоқда, — дейди касаба уюшма қўмитаси етакчиси Бахтиёр Дадажонов. — Жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имконият яратиб беришни асосий вазифамизга айлантирганмиз. Айниқса, ходимларнинг саломатлиги касаба уюшма қўмитасининг доимо диққат-марказида.

Йилнинг шу пайтгача 50 нафар профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимлар Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги сиҳатгоҳларда саломатлигини мустаҳкамлаб қайтди.

Ходимларни мазмунли дам олдириш ва саёҳатларга олиб бориш ҳам яхши йўлга қўйилган. Институт нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшган жонкуяр ходимларининг 60 нафари тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб борилган бўлса, 100 нафардан ортиғи сўлим гўшаларда дам олдирилди. Аҳамиятлиси, бу каби саёҳатлар касаба уюшма қўмитаси томонидан бепул амалга оширилмоқда.

Бешқўл баробар бўлмаганидек, жамоа орасида кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас. Маъмурият билан келишган ҳолда эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ходимлар рўйхати шаклланган бўлиб, уларга доимий равишда кўмак кўрсатилмоқда.

Хусусан, 200 нафарга яқин ходимга касаба уюшмалари томонидан моддий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, ишда намуна кўрсатган ходимларнинг 60 нафари рағбатлантирилди. Бундан ташқари, ходимларнинг 100 нафарга яқин фарзандлари ёзги оромгоҳларда соғломлаштирилди. Янги ўқув йили бошида эса, кам таъминланган, эҳтиёжманд ходимларнинг фарзандларига касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан мактаб ўқув қуроллари олиб берилди.

Ҳар бир байрам олдидан фахрий устозлар ҳолидан хабар олиш анъанаси йўлга қўйилган. Олийгоҳда “Саховат карвони” ташкил этилган бўлиб, ушбу карвон орқали нафақадаги фахрийларга иззат-икром кўрсатилади. Шу кунгача “Саховат карвони” орқали 50 нафар фахрийга меҳр кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Институтда ходимларни билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Меҳнат ҳуқуқларингизни биласизми?” танлови ва “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказиш ҳам йўлга қўйилган. Бу эса ходимлар ўртасида ижодий муҳитни янада ўсишига хизмат қилмоқда.

Айтмоқчи бўлганимиз, қаерда ходимлар учун муносиб шароит яратилса, уларга эътибор ва рағбат бўлса, албатта, ўша жойда ўсиш ва юксалиш бўлади. Фарғона политехника институтида эса буларнинг барчаси мужассам.

Жамшид Эргашев