28.10.2024. Бугун далаларда пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай териб олиш ишлари авжида. Бу жараёнда терим пулларини ўз вақтида бериб бориш эса жуда муҳим.
Навоий вилоятининг Конимех туманидаги «Наврўз» маҳалласидан Ойгул Шоназарова ўзи ва 43 нафар аёл терган пахталари учун тўланадиган пуллар ўз вақтида берилмаётгани ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат қилди.
– «Гауҳарбек ули Жандос» фермер хўжалигида 21 сентябрдан буён теримда қатнашмоқдамиз, – дейди Ойгул Шоназарова. – Даставвал икки кун пулимизни ўз вақтида беришди. Лекин кейинги кунлардан бошлаб, меҳнатимизга ҳақ тўланмади. Фермерга мурожаат қилдик. Уйига бордик ҳам. У банкдан пул олмаганини айтди.
Ушбу мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши Меҳнат инспекцияси ходимлари ҳамда Миллий мониторинг ишчи гуруҳи томонидан тегишли тартибда ўрганилди. Натижада масала ижобий ҳал этилиб, фермер хўжалигидан теримчилар фойдасига 27 405 360 сўмлик меҳнат ҳақи ундириб берилди.
Тоштемир Тайлоқов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши бош мутахассиси