31.10.2024. Ташрифнинг иккинчи куни нуфузли делегация аъзоларининг Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг меҳнаткашлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилаётгани, халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, шунингдек, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳамкорлигида трипартизм асосида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги самарали иш фаолияти тўғрисида сўз борди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясига ташриф буюриб, Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу масканда менат соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб, “Мустақиллик монументи” мажмуасига гулчамбар қўйдилар.
Навбатдаги объектларда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган “Узтекс” тўқимачилик корхонаси ҳамда “Максам Чирчиқ” акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур корхоналарда меҳнаткашлар учун яратилган шарт-шароитлар, касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан танишув жараёни делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати