[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.11.2024. 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ёшлар ва меҳнат жамоаларида турли байрам тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерасиясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари ўртасида “Касаба уюшма кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Унда олийгоҳ факултетларида таҳсил олаётган талабалари 5 та жамоага бўлиниб, ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

— Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билимини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳақиқий билимлар беллашувига айланди, — дейди Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитаси раиси Манзурахон Акрамова. — Касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан ташкил этилган билимлар беллашуви олийгоҳ талабаларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, талаба ёшларнинг берилган саволларга аниқ ва тезкорлик билан жавоб бериши, уларнинг кўплаб билимга эга эканлигидан далолат берди.

“Заковат” ўйинида жамоларга 20 та савол берилди. Тўғри жавоб топган жамоалар якунда ғалаба қозонди.

Олийгоҳнинг “Наво” жамоаси берилган саволларга энг кўп тўғри жавоб бериб, “Касаба уюшма кубоги”ни қўлга киритди. “Актрисалар” жамоаси 2-, “Мақомчилар” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди. “Сухандонлар”, “Ёш китобхон” жамоалари совриндорлар сафидан ўрин эгаллади.

— Касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинида билимларимизни мустаҳкамлаб, кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Биз “Наво” жамоаси ушбу интеллектуал ўйинда ғолибликни қўлга киритиб, “Касаба уюшма кубоги”ни қўлга киритдик. Бундан беҳад ҳурсандмиз, — дейди жамоа аъзоси Муштарий Худойбердиева.

Ғолиб ва барча иштирокчиларга Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши.