09.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи бўлиб ўтган 2020 йил 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳаётида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кун бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг Қурултой қатнашчиларига йўллаган табригида 11 ноябрни “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи ва шу асосида 2020 йилнинг 23 ноябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз касаба уюшмаларининг қарийб 120 йиллик тарихий фаолиятида ўчмас из қолдирди.
Ушбу сана муносабати билан Қашқадарё вилоятида ҳам корхона-ташкилотларда байрам тантаналари ўтказилиб келинмоқда. Бугун Қарши шаҳридаги “Офарин” ресторанида ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, барчани касаба уюшмалари куни билан самимий қутлади.
Холисона айтганда, сўнгги йилларда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланди, – деди вилоят ҳокими ўз нутқида. – Касаба уюшмалари фаолиятини барчамиз ўз ҳаётимизда ҳис этиб, кўриб, англаб турибмиз. Ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат муҳитини яратиб берилишида ушбу кенгашнинг ҳиссаси беқиёс. Қанчадан қанча ходимларга сиҳатгоҳларга даволаниши учун йўлланмалар берилмоқда, саломатлиги тикланмоқда, моддий ва маънавий рағбатлантириб келинмоқда. Қолаверса, Президентимиз қарори асосида ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона бўлган Касаба уюшмалари академияси меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасига олий маълумотли етук кадрларни тайёрлаб келмоқда. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун билан тизимга кўплаб ваколатлар берилди. Касаба уюшмалари инспекцияси фаолияти қайта йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда вилоятимизда касаба уюшмалари тизимида 2850 га яқин бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Уларда 200 дан зиёд ходим ва 10 мингга яқин фаоллар меҳнат қилиб келишмоқда.
Айни пайтда вилоят касаба уюшмалари ўз сафида 530 минг нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, кўп минг сонли корхона ва ташкилотларда уларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Сўнгги йилларда Ҳукуматимиз, Иш берувчилар Конфедерацияси ва Касаба уюшмалари федерацияси ўртасида тузилган Бош келишув ҳамда минтақавий келишув асосида меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари қўллаб-қувватлаш йўналишлари бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди, – дейди федерациянинг вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев. – Хусусан, 2024 йилнинг ўтган 10 ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашига жами 213 нафар фуқаронинг мурожаатлари келиб тушган. Уларни ўрганиш натижасида 4 нафар фуқаро ўз ишига тикланди, меҳнат ҳуқуқлари тикланган ходимларнинг 87 миллион 872 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди. Вилоятда жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсуми 16 та стационар оромгоҳда амалга оширилди. Мавсум давомида бу йўналишдаги режанинг 103,7 фоизга бажарилишига эришилди. Шунингдек, 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида жамоа шартномалари ва минтақавий келишувлар орқали 18 минг 171 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳатлар ташкил этилди.
Вилоятда касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказишларини таъминлаш, бой маданиятимиз ва тарихий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида 8529 нафар ходим учун театрга, музейларга, концерт дастурларига ташрифлар уюштирилди.
Байрамлар арафасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчиларнинг ҳолидан хабар олиниб, ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Ишчи-ходимларни ҳамда уларни оила аъзолари соғломлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилнинг ўтган тўққиз ойида 1613 нафар ишчи хизматчиларни санаторийларда саломатликларини тиклашлари учун 6 миллиард 843 миллион сўм сарфланди.
Бу каби ютуқларда бошланғич ташкилотдан тортиб, Федерациянинг вилоят кенгашигача – барча касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларининг хизмати катта.
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан саҳналаштирилган концерт дастури йиғилганларга манзур бўлди. Кўп йиллар фидойи меҳнатлари билан обрў қозонган бир гуруҳ вилоятимиздаги турли соҳа вакиллари ташаккурнома ва эсталик совғалари билан тақдирланди.