03.12.2024. Мамлакатимизда ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида кенг нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборатдир.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан “3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни” муносабати вилоят касаба уюшмалари тизимидаги корхона, ташкилот ва муассаларда фаолият олиб бораётган ногиронлиги бўлган 219 нафар шахслар ва ногиронлиги бўлган 16 нафар болаларга маданий-маърифий тадбирлар ташкил этган ҳолда моддий ёрдам ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, турли соҳаларда фаолият олиб бориб, бугунги кунда нафақада бўлган 57 нафар касаба уюшма фахрийларининг хонадонларига борган ҳолда уларнинг холидан хабар олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси тасарруфидаги 62-сонли имконияти чекланган болалар мактаб интернати, Самарқанд туманидаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамда 61-сонли эшитишида нуқсони бор болалар интернатида маданий тадбирлар ташкил этилди.
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси томонидан Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Брайл алифбосидаги ахборот ресурс марказининг 11 нафар ходимларига касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари топширилди.