[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га келган мурожаат тақдирига қизиқиб, фуқаро билан
боғландик. 32 ёшли Дилшода Ўринова шундай деди: – Андижон вилояти Избоскан туманида яшайман. Тақдир экан, биринчи турмушим бузилди, битта фарзандим билан ота уйимга қайтдим. Уч йилдан сўнг Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи йигитга узатилдим. У ва унинг оиласи билан ҳаётимиз давомида кўп келишмовчиликлар юз берди, аммо чидадим. Орада уч нафар фарзандли бўлдик. Начора, тақдир экан, яна ажрашдим. Тўрт нафар фарзандим билан ота уйимга қайтишимга тўғри келди.

Ота-онамнинг ҳам шароитлари яхши эмаслиги учун ўзимни меҳнатга урдим. Болаларни боқиш, ўқитиш, рўзғор юки дегандай… Турмуш ўртоғим эса ёрдам бериш ҳақида ўйламасди ҳам. Болаларимга алимент ундириш бўйича судга мурожаат қилдим. Шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган судда ундириладиган маблағга аниқлик киритилди: 14 миллион сўмни ташкил қилар экан. Бироқ турмуш ўртоғим пулларни тўламади. Ўрта Чирчиқ тумани Мажбурий ижро бюросига, Халқ қабулхонасига бир неча марта қўнғироқ қилдим. Натижа бўлмади.

Ниҳоят, бир дугонам мушкул аҳволга тушган хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 1211 рақамли «Ишонч телефони» борлигини айтиб қолди. Шундан сўнг ўша рақамга боғландим. Буни қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, картамга 5 миллион 700 минг сўм тушириб берилди. Қолгани ҳам тез орада тўлаб берилишини айтишди. Мурожаатимни эътиборсиз қолдиришмагани, мушкулимни аритишгани учун Касаба уюшмалари Федерацияси масъулларига миннатдорлик билдираман.

Афсуски, Дилшоданинг муаммоси тугаганича йўқ. Айни пайтда у яшаётган Андижон вилоятининг Избоскан туманида газ, электр таъминотида узилишлар кўп. Уйлар совуқ бўлгани сабабли, кўмир ҳам сотиб олиниши зарур. Энг каттаси 9, энг кичиги 3 ёшли бўлган тўрт нафар фарзандни вояга етказиш учун эса… Дилшода яқин орада доимий иш билан таъминланиши ва моддий аҳволи яхшиланишини ҳудуд масъуллари назоратга олишига ишонамиз ва буни кузатишда давом этамиз.

Биз алимент пулларининг қолган қисми қачон тўлаб берилишини билиш учун Ўрта Чирчиқ тумани Мажбурий ижро бюроси раҳбари билан боғландик. Масъул айни пайтда бу масала бюро назоратида эканини, жавобгарнинг ойлик маошлари ҳисобидан қолган қисми ҳам босқичма-босқич ундириб берилишини билдирди.

Холида Эгамбердиева