18.01.2025. Барча бўғиндаги касаба уюшма аташкилотларида ўтказиладиган ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялари олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан туманларда ўқу-семинарлари ўтказилмоқда.
Янгибозор туманида ўтказилган ана шундай семинарда тумандаги барча корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева охирги йилларда Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳаётида туб бурилишлар ва улкан ўзгаришлар юз берганлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ижтимоий шериклик кўламини ошириш, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида маданий-маърифий, спорт ва соғломлаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида сўз юритди. Айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тутган ўрни катта эканлиги, етакчилардан ҳар доим фаол бўлиш, жамоа манфаатлари учун ўз ҳаловатидан кечиш талаб этилиши алоҳида қайд этилди.
Семинарда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференцияларини талаб даражасида ўтказишнинг аҳамияти, бу борада эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидаги ишларни амалга ошириш, ходимларнинг муносиб шароитларда меҳнат қилиши ҳамда Жамоа шартномаларида белгиланган ижтимоий имтиёз ва кафолотлардан фойдаланишини таъминлаш, иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб бориш масалаларида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши бўлим мудирлари, тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятдаги етакчилари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати