[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

23.01.2025. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари меҳнат аҳлининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида кўплаб салмоқли ишларни олиб бормоқда. Бунга мисоллар кўплаб топилади.

Хусусан, яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига “Янги Ангрен ИЭС” АЖнинг собиқ ходимлари – Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида яшовчи ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи, боқувчисини йўқотган О.Маматова ва Ш.Шерановалар ишга тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, мурожаат қилган эдилар. Ушбу марожаат, Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходимлари томонидан мурожаат муаллифларининг шахсан иштирокида, жойига чиққан ҳолда, тегишли тартибда ўрганилди.

– Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти клиникасининг эпикриз хулосаларига кўра О.Маматова ва Ш.Шерановаларда касб касаллиги  аниқланган, – дейди Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Бош меҳнат ҳуқуқ инспектори Б.Абдуллаев. – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 95-сон ТИЭК хулосасига кўра Ш.Шеранованинг касбий меҳнат лаёқатини йўқотганлик даражаси 50%,  О.Маматованинг касбий меҳнат лаёқатини йўқотганлик даражаси 60% деб топилган ва уларга 3-гуруҳ ногиронлиги бир йил муддатга белгиланган. Шунингдек, “ноқулай метеофакторлар, чанг, газ, нам, зах билан боғлиқ бўлган ва оғир жисмоний меҳнат турларида ишлашга тавсия берилмайди” деб кўрсатилган.

Шундай бўлса-да, “Янги Ангрен” ИЭС АЖнинг 2024 йил 19 ноябрдаги 117-К сонли буйруғига мувофиқ О.Маматова билан тузилган меҳнат шартномаси, 2024 йил 21 ноябрдаги 119-К сонли буйруғига биноан Ш.Шеранова билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 168-моддаси  1-қисми, 5-банди (ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилганлигига) асосан, тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилинган.

– Ваҳоланки, иш берувчи томонидан ходим билан меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 5-бандига асосан, тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш учун ТИЭК хулосасига мувофиқ ходим касбий меҳнат лаёқатини тўлиқ йўқотган бўлиши керак, – дейди Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Бош юрисконсульти И.Исоқов. – Ўрганишлар давомида Ш.Шеранова ҳамда О.Маматованинг ТИЭК хулосасига кўра касбий меҳнат лаёқатини тўлиқ йўқотмаганлиги сабабли, улар билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ҳолати аниқланди. Жумладан, мазкур ҳолатда иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 5-банди билан нотўғри квалификация қилган. Ваҳоланки, бундай ҳолатда Меҳнат Кодексининг 143-моддаси тартибида иш юритиши лозим эди.

Мазкур мурожаат бўйича Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Меҳнат инспекцияси томонидан 2024 йил 28 ноябрь куни “Янги Ангрен ИЭС” АЖга фуқаролар Маматова Оқила Абдусаитовна ва Шеранова Шарифа Абдувалиевнага нисбатан “Янги Ангрен ИЭС” АЖ томонидан чиқарилган “меҳнат шартномасини бекор қилиш” тўғрисидаги буйруқлари ғайриқонунийлиги сабабли уларни бекор қилиш,  О.Маматова ва Ш.Шерановани аввалги иш жойига тиклаш ҳамда уларга мажбурий прогул даври учун компенсация тўлаб беришни сўраб ёзма Кўрсатма хати юборилган. Шундай бўлса-да, Акциядорлик жамияти томонидан мазкур Кўрсатма хатига рад жавоби берилган.

Бу вазиятда,  тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига “Меҳнат шартномасини бекор қилишни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш, етказилган маънавий зарар учун ҳақ ундириш тўғрисида” даъво аризаси киритилди.

Жорий йилнинг 14 январь куни ўтказилган суд мажлисида Ўзбекистон Энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Бош меҳнат ҳуқуқ инспектори Б.Абдуллаев ва Бош юрисконсульти И.Исоқов О.Маматова ва Ш.Шеранованинг манфаатида иштирок этиб, фуқароларнинг тўлақонли ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

– Биз касаба уюшмаларидан жуда миннатдормиз, – дейди меҳнат ҳуқуқлари тикланган Шарифа Шеранова ва Оқила Маматова. – Чунки, касаба уюшмалари олиб бораётган фаолият бугун биз каби меҳнаткашлар манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганининг гувоҳи бўлдик. Касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш йўлидаги ишларида катта муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалаи Федерацияси Матбуот хизмати