28.01.2025. Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти бирлашган қўмитасининг V мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2024 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти бирлашган қўмитаси тизимида 90 та ташкилот мавжуд бўлиб, уларда касаба уюшмаси аъзолари сони 6090 нафарни ташкил этади.
Бошланғич касаба уюшма қўмиталарида устав талаблари асосида фаолиятни йўлга қўйиш, иш тажрибасини ошириш, ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳамда касаба уюшмалари афзалликларини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаоллари иштирокида “Ижтимоий шериклик ва жамоа шартномаларини тузиш”, “Жамоа шартномалари бўйича меҳнат жамоаси йиғилишларини ўтказиш”, ҳамда “Ҳисобот-сайлов йиғилишларини ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби” мавзуларида ўқув семинарлари ташкил қилинмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тавсиявий макети асосида, тизимдаги 25 та ташкилотда жамоа шартномалари қайта тузилиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига мувофиқлаштирилди. Шунингдек, 54 та ташкилотда меҳнат муҳофазаси масалаларини мувофиқлаштириб, назорат қилиш учун вакиллар сайланди.
Бундан ташқари, жамоа шартномалари орқали кичик ёшдаги фарзандлари бор аёллар учун қисқартирилган иш вақти белгиланди, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари муддатини узайтириш, ҳамда 2 ёшгача фарзанди бор аёлларга бола парвариши учун ҳақ тўланадиган танаффуслар тақдим қилиш каби имтиёзлар жорий этилди. Сирасини айтганда, касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ҳуқуқлари ҳамда меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш ҳуқуқлари тўлиқ таъминланди.
Ўтган йил давомида умумхалқ байрамлари муносабати билан 748 нафар фаол ва илғор касаба уюшмаси аъзолари рағбатлантирилди, 20 нафар юбилей санасини нишонлаган фахрийлар тақдирланди. Шунингдек, 784 нафар ходимнинг театр ва концертларга ташрифи уюштирилди, 470 нафар ходим учун республика тарихий шаҳарлари ва ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил қилинди. 74 нафар ходимнинг фарзандлари эса вилоятдаги ёзги болалар оромгоҳларида дам олдирилди.
Шу билан бирга, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларнинг 81 нафарига касаба уюшмаси ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Пенсия ёшига етган 13 нафар ходимга бир йўла моддий ёрдам берилди ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Байрамлар муносабати билан 12 нафар ногиронлиги бор шахсларга ҳам моддий ёрдам тақдим қилинди. Бундан ташқари, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши таътилида бўлган 2 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 21 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари ва дарсликлар харид қилинди.
2024 йил давомида соҳа ходимларидан 77 нафар ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда соғломлаштирилди. Уларнинг 10 нафари ишлаётган пенсионерлар ва 29 нафари касаба уюшмаси аъзоларининг ота-оналаридир.
Меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзига рағбатлантириш мақсадида югуриш эстафетаси, бадминтон, камондан отиш, стол тенниси, мини футбол, армрестлинг ва стритбол мусобақалари ўтказилмоқда.
Айни кунларда касаба уюшмаси фаоллари иштирокида ҳисобот-сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, йиғилиш ва конференцияларни юқори савияда ўтказишга бағишланган ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Алишер Салаев
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти бирлашган қўмитаси раиси