31.01.2025. Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори Бектош Нахалов 1993 йилдан буён меҳнат таътилида бўлмаган экан. Унинг таътил сўраб берган аризалари тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари томонидан муттасил рад этиб келинган. Маъмурият соҳада унинг вазифасини бажарувчи мутахассис бўлмаганини важ қилиб, ходим ҳуқуқини поймол қилган. Касаба уюшмалари томонидан ходим мурожаати жиддий ўрганилди. Бирлашмада ўтган 31 йил мобайнида Бектош Нахаловга атиги бир марта (аниқроғи, 2018 йил 13 июнда) меҳнат таътили расмийлаштирилган холос.
Жамоат ташкилотининг маъмурият билан олиб борган музокаралари бесамар кетди. Орадан неча йиллар ўтгани қанча раҳбарлар алмашгани чувалашиб кетган масаланинг ечимига тўсиқ бўлди. Муаммони судда ҳал қилишга тўғри келди.
Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди масалага адолатли нуқта қўйди. Ходимнинг фойдаланилмаган таътил кунлари учун 167 522 841 сўм компенсация пули, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун тўланиши лозим бўлган суммани 137 календарь кунига кечиктирганлик учун 307 538 422 сўм компенсация пули ундирилиши тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариб, ижрога йўналтирди.
Меҳнат қонунларига риоя этмаслик Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларига қимматга тушди.
Ғолиб Рустамов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори