[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

11.02.2025. Бу йил касаба уюшмалари ҳаётида муҳим йил бўлиб, тарихга муҳрланади. Боиси, барча меҳнат жамоаларида ўтган 5 йил давомида касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинади.

Фарғона шаҳридаги 6-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда касаба уюшма қўмитасининг ўтган йилларда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ишчи-ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш йўналишларида олиб борган ишлари сарҳисоб қилинди.

Жумладан, ҳисобот даврида:

  • 117 нафар ходимга 36 млн 800 минг сўм миқдорида касаба уюшмаси ҳисобидан моддий ёрдам берилди.
  • 48 нафар ходим касаба уюшмаси томонидан имтиёзли тарзда ўз саломатликларини тиклаш учун санаторийларга юборилди, бунинг учун 132 млн 560 минг сўм сарфланди.
  • 97 нафар ишчи-ходимларнинг фарзандлари касаба уюшмалари тизимидаги ёзги оромгоҳларда мароқли дам олди.

Бундан ташқари, ходимлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Маънавият соатлари”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Спорт – саломатлик гарови”, “Соғлом оила” шиорлари остида спорт мусобақалари ташкил этилди. Шунингдек, спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат-шашка, бадминтон ва сузиш турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, миллий байрамлар ва муҳим саналар муносабати билан турли тадбирлар белгиланган режа асосида ўтказиб келинди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишида музокарага чиққанлар бу йил касаба уюшмаларининг 120 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан меҳнат жамоасида касаба уюшма қўмитасининг ишини янада жонлантириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурдилар.

Касаба уюшма қўмитасининг ўтган йилларда олиб борилган фаолияти қониқарли деб топилиб, касаба уюшмаси қўмитаси раислигига номзодлар кўрсатилди. Очиқ овоз бериш йўли орқали касаба уюшма қўмитаси раислигига мактаб ўқитувчиси Саидахон Шарипова сайланди.

Шунингдек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар бўлинмаси Кенгаши конференциясига делегат ҳамда касаба уюшма қўмитаси аъзолари ҳам сайланди.

Ҳисобот-сайлов йиғилишида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар бўлинмаси Кенгаши раиси Нозимахон Мирсалимова иштирок этди.

Шоҳсултон Тўхтаматов