13.02.2025. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида хотин-қизларнинг иштироки тобора ортиб бораётгани ва ҳар бир соҳада хотин-қизлар янги ташаббуслар билан чиқаётгани мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисидаги резолюцияда 11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган бўлиб, бу кун Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 10-15 февраль кунлари юртимизда “Илмли аёл — жамият кўзгуси” мавзусида илмий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда хотин-қизларнинг илмий салоҳиятларини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ҳафталиги катта қизиқиш билан ўтказилмоқда. Хусусан, тармоқ тизимидаги Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳридаги филиалида хотин-қизларни илм-фан ва кимё соҳасида қўллаб-қувватлашга бағишланган “Глобал нонушта: фан ва кимёда аёлларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчилари, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджанова, олималар, профессор-ўқитувчилар, тармоқ корхоналари мутахассислари, фаол хотин-қизлар ва талабалар иштирок этдилар.
Учрашув давомида мамлакатимизда илм-фан ривожида хотин-қизларнинг тутган ўрни, келгусида барқарор ривожланиш ва илмий тадқиқотларда олима аёлларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг сафини ошириб бориш каби долзарб масалалар кўтарилиб муҳокама қилинди.
Семинарда олима аёллар ўз тажрибалари ва ютуқлари билан ўртоқлашдилар. “Яшил кимё” ва ишлаб чиқариш жараёнларидаги инновациялар билан боғлиқ мавзулар, хотин-қизларнинг таълим ва илмий фаолиятдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, техника фанлари доктори, “Йил аёли-2024” миллий танлови ғолиби, “Ammofos-Maxam” АЖ бош технологи Надежда Волинскова “Илҳомлантирувчи йўл: фанда аёллар ва қизлар” мавзусида маъруза қилди.
Шунингдек, “Ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини таъминлаш учун сунъий интеллект ва булут технологияларидан фойдаланиш”, “Фанда аёллар ва қизлар: корхоналарнинг меҳнат салоҳиятини оширишга ҳиссаси”, “Ўзбекистон Республикасида бозор трендларини таҳлил қилиш ва глутенсиз маҳсулотларга талабни ўрганиш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбир интерактив шаклда ўтгани сабабли иштирокчиларга ўзаро тажриба алмашиш, мулоҳаза юритиш ва эркин мунозарага киришиш имконияти яратилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси