17.02.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлови бўлиб ўтди.
Ҳисобот-сайловда “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ директори Р. Салиев, Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимжонова, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши раиси Назира Тоғаева, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Рахмиддин Мухаммедов, корхонанинг масъул ходимлари ва цехлардан сайланган делегатлар иштирок этдилар.
Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Н. Алимжонова сўзга чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган ишлар ва “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” байрами тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, ҳар беш йилда ўтказиладиган ҳисобот-сайлов конференцияларининг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ ҳисобот-сайлов конференциясини ўтказиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Конференция кун тартибига кўра, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Рахмиддин Мухаммедовнинг 5 йил давомида олиб борилган фаолияти якунлари тўғрисидаги ҳисоботи ва касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти юзасидан тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди.
Маълумотларга кўра, касаба уюшмаси аъзолари томонидан жами 580 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, шундан 506 та мурожаат ёзма, 81 таси эса оғзаки шаклда бўлган.
Мурожаатлар мазмуни бўйича асосан ҳуқуқий ҳимоя, ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, моддий ёрдам ажратиш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари, уй-жой олиш учун бошланғич бадални тўлаб бериш ва бошқа маиший масалалар бўйича мурожаатлар тушган. Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан мурожаатлар муаллифлари иштирокида ўрганилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда тушунтириш берилган ҳамда ижобий ҳал этилган.
Жамоа шартномасида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан деярли барча ходимлар фойдаланган.
Жамоа шартномаси бандларининг бажарилиши натижасида, 2024 йил давомида ҳар бир ходимга ўртача 23 млн 542,5 минг сўм маблағ сарфланган.
Ҳисобот даврида жамоа шартномасида кўрсатилган имтиёзлар учун жами 5 млрд 527 млн сўм маблағ сарфланган.
Ҳар йилги ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида болалар соғломлаштириш оромгоҳларига ходимларнинг фарзандлари учун корхона маблағлари ҳисобидан 412 млн сўм, касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан эса 247 млн сўм ажратилган.
Маърузалар ўз ниҳоясига етгач, муҳокамага ўтилди. Делегатлар томонидан бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ҳисоботлари “қониқарли” деб баҳоланди ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.
Шундан сўнг, ваколат муддатининг тугаши муносабати билан бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси, таркиби, тафтиш комиссияси таркиби ва унинг раиси ҳамда юқори касаба уюшмаси органига делегатлар сайланди.
Яширин овоз бериш йўли билан муқобиллик асосида ўтказилган сайловда кўпчилик овоз билан Рахмиддин Мухаммедов “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ касаба уюшмаси қўмитасининг раиси этиб қайта сайланди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси