21.02.2025. “Ўзбекгеофизика“ АЖ “Яккабоғ геофизика экспедицияси“ филиали бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Энергетика, нефть-газ ва геология тармоғи тизимидаги мазкур корхонада 932 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Конференцияда белгиланган меъёрга мувофиқ сайланган делегатлардан 60 нафари иштирок этди.
Дастлаб, касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил февралдан 2025 йил февралгача бўлган ҳисобот давридаги фаолияти юзасудан бошланғич касаба уюшма қўмитаси раисининг ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг ҳисобот юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Муҳокамаларда сўзга чиққан делегатлар касаба уюшма қўмитасининг ўтган ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар.
Муқобиллик ва яширин овоз бериш шаклида ўтказилган сайловда амалдаги касаба уюшмаси қўмитаси раиси Баҳриддин Каримов 54 та овоз билан касаба уюшма қўмитаси раислигига қайта сайланди.
Конференцияда шунингдек, касаба уюшма қўмитаси таркиби, тафтиш комиссияси ва унинг раиси ҳамда “Ўзбекгеофизика“ АЖ бирлашган касаба уюшмаси ташкилотининг конференциясига делегатлар ҳам сайланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати