12.01.2015. Сўнгги йилларда меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандларини велоспортга жалб этиш орқали соғломлаштириш ишларини янги, янада юқори поғонага кўтариш муҳим аҳамият касб этаяпти. Мамлакатимизнинг барча минтақаларида ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Касаба тур” веломарафони ташкил этилмоқда. Биргина ўтган йили Самарқанд вилоятида корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида ташкил этилган турнирда 2500 нафар ҳаваскор қатнашди.
Самарқанд шаҳри кейинги икки йилда икки бор ёш велоспортчилар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди. Бултур ўтказилган баҳсда Қозоғистон Республикасидан ҳам 50 нафар ўсмир иштирок этди. Бундан ташқари, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, вилоят велоспорт Федерацияси ва “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорлигида “Камолот-тур” ёшлар веломарафони уюштирилди. Унда ҳудуд ёшларининг 400 нафари ғолиблик учун баҳслашди. Ўтган йилдан буён йирик автомобил гиганти “Самавто” МЧЖ велоспортчиларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Жумладан, Велоспорт Федерацияси моддий имкониятини ошириш, зарур спорт воситалари билан таъминлаш мақсадида 50 миллион сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Спортнинг мазкур тури истиқболини таъминлашда касаба уюшмалари кўмаги алоҳида эътирофга лойиқ. Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида касаба уюшмалари ва велоспортчилар ўртасида ташкил этилган учрашув ҳамкорликнинг кундан-кунга ривожланиб бораётганининг ўзига хос тасдиғи бўлди.
— Вилоятимизда велоспортнинг шоссе, трек турлари билан муттасил шуғулланиб, ўзларини танитган 40 нафардан ортиқ спортчи бор, — дейди велоспортчи Рустам Аббосов. — Ўйлайманки, ёшларимиз халқаро трассаларда ўзларини кўрсатадиган пайт келди.
Тадбир асноси велоспортчилар ўз маҳоратини намойиш этишди. Шундан сўнг ЎзКУФК раиси Т.Нарбаева велоспорт билан шуғулланувчи ёшларга 20 дона спорт велосипеди ва спорт анжомларини топширди.