05.03.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши ва Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида шифокорлар ўртасида футзал бўйича халқаро турнир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва МДҲ мамлакатлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, илмий-амалий марказлар, санитария-эпидемиология хизмати муассасалари, хусусий клиникалар, фармацевтик компанияларда фаолият олиб бораётган, 25-60 ёшгача бўлган олий тоифа соҳа ходимларидан иборат 23 та жамоа иштирок этди.
Турнир доирасидаги спорт мусобақалари икки ёш тоифасида, яъни 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган ҳамда 40 ёшдан катта бўлган фахрий ходимлар ўртасида ўтказилди.
Турнирда жамоаларнинг ўйинлари қуръа ташлаш йўли орқали аниқланиб, ўйинлар вилоятимизнинг малакали ҳакамлари томонидан баҳолаб борилди.
Натижаларга кўра, 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган жамоалар ўртасида 3-ўринни Фарғона вилоятининг “ALFA” жамоаси эгаллади. 2-ўрин Фарғона вилоятининг “MEDIKAL” жамоасига, 1-ўрин эса Самарқанд вилояти жамоасига насиб этди.
40 ёшдан катта фахрий ходимлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда эса 3-ўринни Қашқадарё вилоятининг “НАСАФ МЕД” жамоаси қўлга киритди. Сирдарё вилояти жамоаси 2-ўринни, Самарқанд вилоятининг фахрий шифокорлари эса 1-ўринни эгалладилар.
Турнир ғолиблари ва номинацияларда эътироф этилган иштирокчиларга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан медаллар, махсус кубок ва эсдалик совғалари топширилди.
Турнирга ташриф буюрган меҳмонлар учун Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари ҳамда мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотларига саёҳатлар ташкил этилди.