06.03.2025. 3 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашида Тошкент вилояти Кенгаши бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг 2021-йил февралидан 2025-йил февралигача бўлган даврдаги фаолияти якунлари юзасидан ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари А.Юлдашев ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти Кенгаши раиси Н.Комилова иштирок этди.
Йиғилишда бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси М.Салихова томонидан ўтган 5 йил давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, жамоа шартномасидаги бандларнинг бажарилиши, ходимларга яратилган имтиёз ва шарт-шароитлар, шунингдек, молиявий ҳисоботлар ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг меҳнат жамоаси томонидан бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти раиси, ижроия қўмита аъзолари ва назорат-тафтиш комиссияси таркиби сайланди. “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги низом”га асосан очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишида амалдаги бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси М.Салихова меҳнат жамоаси томонидан қайта сайланди.
Бошланғич касаба уюшма ташкилоти аъзолари томонидан ўтган давр мобайнидаги фаолият юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга қаратилган таклифлар илгари сурилди.