09.03.2025. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги доирасида маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Тармоқ тизимидаги “Навоийазот” АЖ корхонасида ҳам ушбу байрам ўзгача руҳда тантана қилинди. Хотин-қизлар ўртасида “Талант шоу”, “Нафосат сайли” ва “Садоқат ва вафо тимсоли аёл” каби танловлар истеъдодли мутахассисларнинг янги қирраларини намоён этиш имконини берди. Жумладан, цех мутахассислари беллашувларда ғолиб бўлиш мақсадида қизғин баҳсларга киришдилар. Иштирокчилар орасида нафақат моҳир пазандалар ва қобилиятли санъат ихлосмандлари, балки спортчиларнинг ҳам борлиги танловларнинг эсда қоларли ўтишини таъминлади. Байрам тадбирларининг асосий қисми корхонанинг фаоллар залида бўлиб ўтди. Концерт дастури Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройи яккахон хонандалари ва хореографик жамоаларининг мусиқий чиқишлари ва рақслари билан юқори даражада ўтказилди.
“Деҳқонобод калий заводи” АЖ корхонаси касаба уюшмаси томонидан корхонанинг 50 нафар хотин-қизлари учун Тошкент шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат дастурига кўра, аёллар Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ҳамда зиёратгоҳларига бордилар. Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “Соғиндим” номли концертини томоша қилиб, бир олам таассуротлар билан қайтишди. Шунингдек, “Миллий қадриятларимиз – миллат фахри” шиори остида “Саранжом оиланинг саришта бекаси” кўрик-танлови, хотин-қизлар жамоалари ўртасида спортнинг “Қўл тўпи”, шашка-шахмат турлари бўйича мусобақалар ва “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“Maxam-Chirchiq” АЖ корхонаси касаба уюшмаси қўмитаси томонидан режа асосида корхонада фаолият юритаётган 50 нафар хотин-қизлар иштирокида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳат давомида ходимлар шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи обидалар ва қадимий ёдгорликларни кўриш имкониятига эга бўлишди.
Тармоқ тизимидаги “Қўнғирот сода заводи” АЖ корхонасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақа ўтказилди. Байрам муносабати билан байрам дастурхони тузалиб, корхона аёллари байрам билан табрикланди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тармоқ тизимидаги бошқа корхоналарда ҳам байрам тадбирлари юқори кайфиятда ташкил этилмоқда.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси