12.03.2025. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали касаба қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда қўмита раиси 2020 йил мартидан 2025 йил мартигача бўлган даврда олиб борган фаолияти тўғрисида ҳисоб берди. Қайд этилишича, 2020 йилда жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходим олган даромад миқдори 6 800 000 сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 28 200 000 сўмга етган. Бугунги кунга келиб, жамоа шартномасида ёшлар ва аёллар учун имтиёзлар кўзда тутилган алоҳида бўлимлар ва бандлар киритилгани билан аввалгиларидан фарқ қилади.
Ҳисобот даврида жамоа шартномасидаги барча бандлар бажарилди, деб бўлмайди. Жумладан, зарарли меҳнат шароитида ишлаётган 22 ишчи-ходимга сут маҳсулотлари 2025 йилда тўлиқ етказиб берилмади. Жойларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилганига қарамай, бахтсиз ҳодисалар содир бўлаяпти.
Ҳисоботни тинглаган делегатлар қизғин музокараларга киришди. Ишчи-ходимларнинг спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароит яратилганига қарамай, бу соҳада ютуқлар йўқлиги танқид остига олинди. Турли мусобақалар ташкил этилишида сусткашликка йўл қўйилгани таъкидланди.
Делегатлар ўз етакчиларини сайлашда яширин овоз бериш йўлини танладилар. Уч номзоддан энг кўп овоз олган Шавкат Мирзабеков яна қайта сайланди.
Анжуманда Республика ёқилғи-энергетика ходимлари касаба уюшмалари раиси ўринбосари Ойбек Исмоилов ҳамда ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродовлар иштирок этдилар.
Баҳор Холбекова