[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

17.03.2025. Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма ташкилотининг 2024 йилда жамоа шартномасининг бажарилиши ҳамда 2020 йил мартидан 2025 йил мартигача тиббиёт ходимларига кўрсатилган кўмак ва уларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда қўмита раиси Баҳодиржон Абдураҳмонов ўтган 5 йилда олиб борилган фаолияти тўғрисида ҳисобот берди. Маърўзани тинглаб, касаба қўмитаси бир сафда бирлашган аъзоларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланганини билиб олдик.

2024 йил август ойида муассасанинг туғруқхона мажмуасида реконструкция ишлари амалга оширилиши натижасида бўлим фаолияти тўхтатилди. Натижада, туғруқхонада меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар вақтинча ишсиз қолди. Бу даврда уларга иш ҳақи тўланмади. Аммо жонкуяр етакчи бундай ҳолатга бефарқ қолмади. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилинди.

Мурожаат асосида меҳнат инспекторлари томонидан тиббиёт муассасасида ўрганишлар олиб борилди. Узоқ музокаралардан кейин иш судда кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, иш берувчи вақтинча ишсиз қолган ходимларга ўртача иш ҳақи миқдорида тўлов қилиш мажбуриятини олди. Натижада, 71 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, уларнинг фойдасига жами 261 млн сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳақиқий касаба уюшма раиси ҳар қандай ҳолатда ҳам ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини мана шундай ҳимоя қила олиши керак.

Дарҳақиқат, ўтган 5 йилда саломатлик посбонларининг дам олиши ва соғлиғини мустаҳкамлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир касаба уюшма аъзосини қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик кўрсатиш ва ижтимоий ҳимоялаш каби масалалар касаба уюшма қўмитасининг доимий диққат марказида бўлди.

Қолаверса, ишчи-ходимларни тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб бориш анъанага айланди. Ўтган давр мобайнида ходимлар юртимиз бўйлаб турли саёҳатларга жалб қилинди.

Бундан ташқари, тарғибот ишлари натижасида 40 та нодавлат ташкилотда ишловчи 750 нафар ходим касаба уюшмаси аъзолигига жалб қилинди. Айни пайтда улар касаба уюшмасининг имтиёзларидан фойдаланган ҳолда, соғлиғини мустаҳкамлаш учун сиҳатгоҳларга ҳамда тарихий шаҳарларга саёҳатларга бориб келмоқдалар.

Ҳисоботни тинглаган делегатлар Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси ва тафтиш комиссияси раиси фаолиятини юқори баҳоладилар.
Делегатлар яширин овоз бериш йўли билан номзодлар орасидан Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раислигига Баҳодиржон Абдураҳмоновни сайлашди.

Конференцияда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши мутахассиси Дилором Тошматова, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова, Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари Холмуҳаммад Абдувоҳидов ва делегатлар иштирок этдилар.

Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатига 120 йил тўлиши, унинг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.