19.03.2025. Маълумки, бу йил Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатига 120 йил тўлмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида ҳам касаба уюшмаларининг ўтган даврда босиб ўтган фаолияти ва бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ёшларга маълумотлар берилди.
Унда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ёшлар ҳамда иш берувчи вакиллари иштирок этди.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ёшлар учун катта имкониятлар эшиги очилган. Айниқса, Президентимиз ёш авлодга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Яратилган шароитлар туфайли ёшларимиз ўзини ҳар соҳада намоён этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши таркибида 700 минг нафардан зиёд фаоллар бирлашган бўлса, уларнинг 200 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади. Касаба уюшмалари ҳам ёшларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб, уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиб келмоқда. Шунингдек, уларнинг мароқли дам олишлари, тарихий қадамжоларга саёҳатга боришлари, иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун кўмаклашилмоқда.
Хусусан, биргина 2024 йилда касаба уюшмаси ҳамда иш берувчи томонидан 400 нафарга яқин ёш ишчи-ходимлар касаба уюшмалари тасарруфидаги сиҳатгоҳларда мазмунли ҳордиқ чиқариб қайтган бўлса, 2,5 мингдан зиёд ёш ишчи-ходимлар республикамизнинг турли диққатга сазовор жойларига бепул саёҳатларга юборилди. Бундан ташқари, ҳар йили фаол талабаларга “Касаба уюшма стипендияси” бериб келинмоқда.
Учрашувда ўтган 120 йил ичида касаба уюшмалари улкан ислоҳотлар даврини босиб ўтгани, 1905 йилда алоқа ва темир йўл ишчилари тўпланиб, йиғилишлар ўтказиб, иш берувчиларга ўз талабномаларини баён этганликлари, кейинчалик иш вақтини 8 соат этиб белгилашни илгари суришгани каби бир қатор маълумотлар берилди. Ҳа, айтиш жоизки, бундан 120 йил муқаддам ишчилар иш берувчиларга талабномалар қўйган бўлса, бугунга келиб меҳнат жамоаларида жамоа шартномалари шу вазифани бажармоқда. Жамоа шартномалари орқали ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлақонли таъминланмоқда.
Тадбир давомида ёшларнинг билимларини мустаҳкамлаш мақсадида викторина ўйини ҳам ўтказилиб, унда саволларга тезкор ва тўғри жавоб берган иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган учрашув якунида ёшлар учун Фарғона вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Зўрдан зўр чиқса” номли комедияли спектакль намойиш этилди.