18.04.2025. Сурхондарё вилоятида меҳнат ҳуқуқларини тиклаш бўйича яна бир муваффақиятли ишлар амалга оширилди.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонасининг ходими Чоршанбиев Фарход Жабборович Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашига мурожаат қилиб, ноқонуний равишда ишдан бўшатилгани ва мажбурий бекор юрган вақтлар учун ойлик иш ҳақлари ҳамда компенсация пули ундириб беришни сўраган.
Мурожаат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ўрганилиб, ходим манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво киритилди. Термиз туманлараро суди 2024 йил 26 августда чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, ходим ишга тикланди ва ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилди.
Шунингдек, 2025 йил 18 мартдаги суд қарорига асосан, иш берувчи ташкилот ҳисобидан Чоршанбиевнинг фойдасига жами 140 679 214 сўм ундириб берилди. Бу суммага иш ҳақи, унинг кечиктирилган қисми ва маънавий зарар учун тўловлар киради.
Зариф Холов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори