23.04.2025. 21 апрель куни Мирзо Улуғбек туманида “Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳафталиги” доирасида ҳамда 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Таълим соҳасида меҳнат муҳофазасига оид муаммоларни бартараф этиш омиллари” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, унда тумандаги таълим муассасалари раҳбарлари, кадрлар бўйича мутахассислар ва касаба уюшмаси қўмита раислари фаол иштирок этдилар.
Семинарда Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Муҳуммадамин Каримжонов янги Меҳнат кодекси ва унга асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 2017–2021 йиллардаги ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган давлат дастурлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, у жамоа шартномаларининг меҳнат муносабатларидаги ўрни ва уларнинг ҳуқуқий кучга эга бўлиши тўғрисида тушунтиришлар берди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Давронбек Самарбеков ўз маърузасида соҳадаги долзарб масалалар, хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити яратишнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари ҳақида маълумотлар тақдим этди. У Конституциянинг 37-моддасида меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатланганини таъкидлар экан, бу ҳуқуқнинг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмаларининг роли катта эканини қайд этди.
Семинарда меҳнат муҳофазаси талаблари ва стандартларининг ишлаб чиқилиши, жамоа шартномалари ва корхоналарнинг ички ҳужжатларида акс этиши, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар учун бир хил мажбуриятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунланишида иштирокчилар янги Меҳнат кодекси ва меҳнат муҳофазасига оид ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан бевосита жавоблар олишди.
А. Рахмонов
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши раиси