24.04.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи муносабати билан, ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Бухоро вилоятида шахмат мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” учун олиб борилди.
Тадбирнинг 1-босқичида туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган 468 нафар касаба уюшмаси аъзолари иштирок этди. 2-босқич беллашувлари эса Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида ўтказилди. Унда 52 нафар аёл ва эркак иштирокчилар ўртасида қизғин ва муросасиз ўйинлар бўлиб ўтди.
Мусобақа якунларига бағишланган тақдирлаш маросимида вилоят Кенгаши раиси М.Олимов иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни табриклади ҳамда уларни тантанали равишда қутлади.
Беллашув натижасига кўра, 4 нафар иштирокчи республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.