25.04.2025. Бугун Сирдарё вилоятидаги “Индорама агро” масъуляти чекланган жамиятида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Турсунмуродов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Маҳмуджон Исаев ҳамда мутахассислар мавзуга оид чиқишларида ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси йўналишларида мамлакатимизда уч томонлама ҳамкорлар, яъни, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида амалга оширилаётган тизимли ишларга алоҳида тўхталдилар.
Таъкидланганидек, охирги йилларда иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилишида Ўзбекистон ўз ижобий тажрибасига эга.
Мазкур йўналишларда Федерациянинг Сирдарё вилояти Кенгаши саъй-ҳаракатлари билан 2024 йилда иш вақтида шикастланган ходимларнинг ўзлари хамда оилаларига суғурта компаниялари ва иш берувчилар томонидан тўлаб берилиши лозим бўлган 561 миллиондан ортиқ маблағлар ундириб берилишига эришилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати