[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

25.04.2025. Жорий йилнинг 24 апрель куни 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан Навоий шаҳридаги Маданият ва маърифат марказида муҳим тадбир — “Рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг меҳнатни муҳофаза қилишдаги роли” мавзусида семинар-машғулот ташкил этилди.

Тадбир Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ташаббуси билан ўтказилди ва унда вилоятдаги йирик саноат корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича масъул ходимлар ҳамда касаба уюшмалари қўмитаси раислари фаол иштирок этди.

Семинар доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Навоий вилояти Кенгаши раиси Ф.И. Рахимова томонидан “Саноат корхоналарида хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилинди.

Таъкидланганидек, ижтимоий шериклик меҳнат бозори субъектлари — давлат, иш берувчилар ва ишчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини англатади. Бундай шериклик меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ҳамкорликнинг самарадорлиги ҳар бир томоннинг манфаатларини инобатга олиш ва муаммоларни биргаликда ҳал этиш орқали таъминланиши қайд этилди.

Семинар қизиқарли ва савол-жавобларга бой руҳда ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги янги имкониятлар билан яқиндан танишишди.

Тадбир меҳнат хавфсизлиги ва иш ўринларида самарали фаолиятни таъминлашда рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишнинг муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.