[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

02.05.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан “Хотира — абадий, қадр — муқаддас!” шиори остида тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда вилоят касаба уюшмалари тизимида меҳнат фаолияти олиб бориб, ҳозирда нафақага чиққан фахрийлар, амалда фаолият юритаётган касаба уюшма етакчилари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг ҳудудий масъуллари, вилоят кенгаши ва бирлашган қўмита раислари, “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими вакиллари ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари, Федерация кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси Миржалилов Атхам Жалилович ҳамда Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Деҳқонов Нодир Шухратович иштирок этди.

Ўз нутқида Самарқанд вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси Сўхроб Рафиқов 9 май — Хотира ва қадрлаш кунининг аҳамияти, уруш ва меҳнат фронтида фидокорона хизмат қилган юртдошларимизнинг жасорати, тинчлик учун жонини фидо қилганлар хотирасини ёд этиш халқимизга хос олий қадрият эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳар йили қабул қилинаётган давлат дастурларида нуронийларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Миржалилов Атхам Жалилович ҳам тадбир иштирокчилари ва фахрийларни байрам билан табриклаб, Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида фидойи аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш янги мазмун-моҳият билан бойитилди.

Тадбир давомида касаба уюшмалари тизимида фаолият юритган ва бугун оримизда бўлмаган марҳумлар хотираси ёдга олинди ва улар ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси собиқ раиси Шодиева Марьям Баҳриддиновна ҳам тадбирда сўзга чиқиб, фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан мамнунлигини билдирди.

Байрам муносабати билан фахрийларга вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва Тошкент шаҳрига икки кунлик бепул саёҳат сертификатлари топширилди.

Тадбир якунида меҳмонлар учун анъанавий “бир пиёла чой” тадбири уюштирилди.