[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.01.2015. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2014 йил 2 декабрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Бандликни таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда ижтимоий шерикликнинг ўрни” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), қатор вазирликлар ва Давлат қўмиталари, Савдо-саноат палатаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Тошкент давлат юридик университети ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари мутасаддилари  иштирок этдилар.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишларидаги Давлат дастурларини ҳаётга самарали татбиқ этишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлиги кўламини кенгайтиришдир.

Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ижтимoий шeриклик тўғрисидa”ги Қoнуннинг қaбул қилингани фуқaрoлик жaмияти институтлaрининг янaдa ривoжлaнишигa эришиш ҳамда aмaлгa oширилaётгaн ислоҳoтлaрнинг oчиқлиги, oшкoрaлиги ва сaмaрaдoрлигини тaъминлaшда муҳим aҳaмиятга эгадир.

Давра суҳбатида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қoнунда ижтимoий-иқтисoдий ривoжлaниш дaстурлaрини aмaлгa oшириш, гумaнитaр муaммoлaрни ҳaл этиш, мaмлaкaтимиз aҳoлиси турли қaтлaмлaрининг ҳуқуқ вa эркинликлaри, мaнфaaтлaрини ҳимoя қилишдa нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaрининг дaвлaт тузилмaлaри билaн ўзaрo мунoсaбaтлaридaги aниқ чeгaрaлaрни бeлгилaш вa тaшкилий-ҳуқуқий мexaнизмлaрни тaкoмиллaштириш кaби мaсaлaлaр бўйичa ҳуқуқий нoрмaлaр кўздa тутилганлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 8000 дан ортиқни ташкил этади. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги аҳолининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, фуқаролик онги ва жамиятда маънавиятнинг юксалиб боришини таъминламоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари мақомининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётгани “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Қонунда ижтимоий шерикликнинг мақсади, тамойиллари, соҳалари ва шакллари, шунингдек, субъектлари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди. Ижтимоий шерикликни амалга ошириш механизми сифатида ижтимоий шерикликни қўллаб қувватлаш жамоат фондлари, ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари мақоми мустаҳкамланди. Бундан ташқари, қонунда ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг моддий, мулкий, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий шакллари белгиланган. Жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича имтиёзлар бериш, давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш турлари қайд этилган.

Мамлакатимизда давлат ва касаба уюшмаларининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда махсус қонунлар билан тартибга солинган бўлсада, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун доирасида касаба уюшмаларининг зиммасига аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият ва спортни ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилиш, ёшларга оид сиёсат соҳаларида ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида давлатга яқиндан кўмаклашиш вазифаси юклатилган.  Шу нуқта назардан, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши мазкур устувор вазифаларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда. Бу борадаги ишларнинг амалдаги ижросини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида 2014-2016 йиллар учун имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур ҳужжатда давлат, иш берувчилар ва ходимлар манфаатлари уйғунлиги, уларнинг ижтимоий масъулияти ўз ифодасини топган. Ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаб туришда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ижтимоий шериклик тамойиллари амалга оширилиши акс этган. Бцугунги кунда мамлакат касаба уюшмалари Бош келишувга мувофиқ давлат ва иш берувчилар билан ижтимоий шериклик асосида ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, улар даромадлари ва турмуш даражаси, меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишларида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси кучайтирилиб, қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва кафолотлардан ташқари моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Натижада бугун жамоа шартномалари ходимлар даромадларини оширишнинг муҳим воситасига айланиббормоқда. Айниқса мазкур локал ҳужжатларда ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхона ва ташкилотлар жамоа шартномаларига киритилган имтиёзлар натижасида бугунги кунда ишловчи аёллар қўшимча таътиллар олиш, иш берувчилар ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган оналар эса моддий ва манзилли ёрдам олиш каби имкониятлардан фойдаланмоқдалар. Касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари ва битирувчилари амалиёт даврида меҳнат қонунчилиги билан таништирилиб, меҳнат муҳофазаси бўйича махсус йўриқномадан ўтказилмоқда. Шунингдек, улар бандлигини таъминлаш ҳамда иш жойларида муқим ўрнашиб қолишлари бўйича аниқ тадбирлар амалга оширилиб, доимий мониторинг олиб борилмоқда. Бундан ташқари, корхона, ташкилот ва муассасаларда квоталанган иш ўринларига меҳнат бозорида тенг рақобат қила олмайдиган фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари ҳал этилмоқда.  

Ўтган 2014 йил давомида касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишловчи меҳнаткашларни касаба уюшмаларига жалб этиш йўналишида салмоқли натижаларга эришдилар. Натижада юқорида келтириб ўтилган имтиёзлардан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали нодавлат секторида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар.  

Давра суҳбатида ижтимоий шериклик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш, ижтимоий шерикликни амалга ошириш шакллари, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, ижтимоий шериклик соҳасидаги низоларни ҳал этиш тартиби, маҳаллий ҳокимият органларининг ижтимоий шерикликдаги иштироки каби масалалар муҳокама этилди. Ижтимоий шериклик, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Шунингдек, иштирокчилар томонидан ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ахборот алмашиш, ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг ривожланиб бориши, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ижтимоий шерикликнинг мустаҳкамланиши, фуқаролик жамияти институтларининг таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини янада ошириш имконини бериши қайд этилди. Бу эса ўз навбатида жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаши шубҳасиздир.

Давра суҳбати якунида ҳамкор ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати