06.05.2025. Бугун Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ва касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 35 ёшгача бўлган ёш ишчи-ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Тадбирни Федерациянинг вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева очиб берди ва барча иштирокчиларга омад тилади.
Ушбу ўйинни ташкил этишдан мақсад – турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёш ҳодимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий билимларини ва нутқий маданиятини оширишдир.
“Зоват” ўйинларида 12 та ёшлар жамоаси иштирок этди. Улар ўйин давомида тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, мантиқий, шунингдек, соҳага оид бўлган бошқа саволларга белгиланган вақтда, уюшган ҳолда жавоб бериб, ўзаро куч синашдилар.
– Жамоамиз 1-ўринни эгаллади, – деди “Ёғду” жамоаси сардори Фарход Абдихаликов. – “Заковат” интеллектуал ўйини биз ёшларнинг истеъдодимизни чархлаб, салоҳиятимизни оширишга ёрдам беради. Бу каби тадбирлар бизни руҳлантириб, иш фаолиятимиз янада унумли бўлишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Тадбирда энг зукко деб топилган “Ёғду” жамоаси 1-ўринни, “Устозлар” жамоаси 2-ўринни ҳамда “Навоий ИЭС” акциядорлик жамияти ёшлари жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб бўлган жамоалар вакилларининг ҳар бирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши томонидан Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати