15.05.2025. Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ташкилотининг беш йиллик фаолияти юзасидан ташкилот етакчиси ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланди.
Ўтган беш йил мобайнида таълим ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш, уларда ўз касбига нисбатан қониқиш ҳиссини шакллантириш ҳамда, энг муҳими, келажак авлодга етарли билим беришларини таъминлаш мақсадида педагог ходимларнинг иш ҳақи 2,5 баробарга оширилди.
Аввало, таълим ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатлари касаба уюшмаси ҳимоясида бўлиб келди. Шу билан бирга, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш яхши анъанага айланди.
Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши ҳамда туман ташкилоти ҳамкорлигида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида туризм тадбирлари ташкил этилди. Бу тадбирлар орқали ходимлар мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Жумладан, таълим муассасаларида фаолият юритаётган 42 нафар ходим Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига, 26 нафари Хивага, 25 нафари эса Тошкентга саёҳатга юборилди. Шунингдек, таълим фидойилари вилоятимизнинг гўзал ҳудудларида дам олдилар.
Янги ўқув йили арафасида кам таъминланган ходимларнинг фарзандларига ўқув қуроллари харид қилиб бериш анъанага айланган. Ёзги таътил давомида эса уларнинг фарзандлари оромгоҳларда дам олдилар.
Ҳисоботлар тинглангандан сўнг, ташкилот раиси Зулфияхон Усмонованинг ўтган йиллардаги фаолияти қониқарли, деб топилди.
Конференция иштирокчилари Зулфияхон Усмонованинг самарали фаолиятини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, ташкилот раислигига номзодлар кўрсатилиб, яширин овоз бериш натижасига кўра Гулбахор Ўктамова туман ташкилоти раиси этиб сайланди.
Конференцияда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бош мутахассиси Лазокатхон Турикова ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари Лолахон Аҳмедова иштирок этдилар.