[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

22.05.2025. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Риштон туман ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференциясида номзодларни сайлаш муқобиллик асосида ўтказилди. Бу эса ҳар жиҳатдан муносиб етакчининг сайланишига хизмат қилди.

Дастлаб, делегатлар етакчи ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тингладилар.

Айтиш жоизки, Эркинжон Абдуллаев кўп йиллардан буён Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Риштон туман ташкилотининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Иши, билими ва тажрибаси билан жамоадошларига ўрнак бўлиб келаётган касаба уюшма етакчиси ҳар бир аъзони яхши билади. Шу боис, бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар у билан эркин мулоқот қилиб, кўнглидагини айтади ва уларни қийнаётган масалалар юзасидан бемалол мурожаат қилишади.

Касаба уюшмалари саъй-ҳаракатлари билан 2023-йилдан бошлаб ходимларнинг бепул тиббий кўрикдан ўтишлари таъминланди.

Ўтган йиллар давомида 308 нафар таълим ходими касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда соғлиғини тиклади. Моддий ёрдамга муҳтож бўлган 3 минг 234 нафар ходимга ёрдам кўрсатилди.

510 нафар ишчи-ходимларнинг фарзандлари ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқардилар.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ходимлар Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди. Салкам уч минг нафар касаба уюшма аъзоси сўлим масканларда дам олди.

Шунингдек, низоли ҳолатларда касаба уюшма етакчиси ходимлар манфаатларини самарали ҳимоя қилди. Касаба уюшмалари аралашуви билан ходимлар ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилмади.

Делегатлар етакчининг сўнгги беш йилдаги фаолиятини ижобий баҳоладилар.

Муқобиллик асосида яширин овоз бериш орқали Эркинжон Абдуллаевга ишонч билдирилди ва у Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Риштон туман ташкилоти раиси этиб қайта сайланди.

Конференция кун тартибидаги масалалар муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Беш йиллик фаолиятга бағишланган конференцияда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Лазокатхон Турикова ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари Лолахон Аҳмедова иштирок этдилар.