28.05.2025. Фарғонада Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Дастлаб, касаба уюшманинг Фарғона вилояти кенгаши раиси Зоҳиджон Қодировнинг 2020–2025 йиллар давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.
Айни пайтда вилоят кенгаши тасарруфидаги 306 та ташкилотда 23 217 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.
Қайд этилдики, жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари муносиб ҳимоя қилиняпти. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишлари сифат ва миқдор жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Жамоа шартномалари асосида иш берувчилар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тарихий шаҳарлар ҳамда диққатга сазовор жойларга саёҳатларга юборилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган тарихий шаҳарларга саёҳатлар сони ва кўлами сезиларли даражада ошди. Хусусан, 375 нафар ходим вилоят ҳудудидаги диққатга сазовор жойларга, 1500 нафар ходим эса юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилди.
Жами 680 нафар аъзога санаторийларга йўлланмалар ажратилган бўлиб, шундан 40 нафар ходим имтиёзли йўлланмалар асосида соғлиғини мустаҳкамлаб қайтди.
Ёзги мавсумда ишчи-ходимларнинг 1 930 нафар фарзанди ёзги оромгоҳларда дам олди.
Айниқса, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда. Янги ўқув йили бошланиши олдидан уларнинг фарзандларига ўқув қуроллари ҳамда дарсликлар топшириш анъанага айланган.
Кўмакка муҳтож ходимлар ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳозиргача 1 338 нафар кам таъминланган оила вакилига касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 171 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Сўнгги беш йил ичида нодавлат секторда фаолият юритаётган 353 та ташкилотда меҳнат қилаётган 18 462 нафар ишчи-ходим касаба уюшмасига аъзо бўлди.
Шу тариқа, касаба уюшмалари ҳақиқий кўмакчига айланмоқда.
Конференцияда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланди. Музокаралар давомида делегатлар томонидан вилоят кенгаши фаолияти қониқарли деб баҳоланди.
Муқобиллик асосида ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Зоҳиджон Қодиров қайтадан Фарғона вилояти кенгаши раиси этиб сайланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати