29.05.2025. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги муносабати билан Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг Республика босқичи Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали мажлислар залида ўтказилди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад — ёшларни ҳар томонлама етук мутахассис сифатида шакллантиришга кўмаклашиш, касбга бўлган ҳурмат ва фахр туйғусини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, инновацион ғоя ва технологияларни ҳаётга татбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва фуқаролик жамиятидаги фаоллигини кучайтиришдан иборат.
Танловни тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Иброҳим Исоқов очиб берди. У ўз сўзида касаба уюшмаларининг 120 йиллик тарихи ва бугунги кунга қадар амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди ҳамда барча иштирокчиларга омад тилади.
Танлов давомида иштирокчилар ўз тадқиқот мавзулари юзасидан тақдимотлар билан иштирок этдилар. Ҳар бир тақдимот ҳакамлар ҳайъати томонидан Низом талабларига мувофиқ баҳоланди.
Ёш мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди. Масалан, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ вакили Аслбек Аҳмедов томонидан ҳаводаги микро KCl (калий хлорид) чангларини сув ёрдамида бостириш бўйича лойиҳа тақдим этилди. Бу лойиҳа 2024 йил февраль ойида амалиётга жорий этилган бўлиб, йилига 1 млрд 383 млн сўмлик иқтисодга эришиш режалаштирилган. Ҳар ойда тахминан 115,25 млн сўм иқтисод қилинмоқда.
“Махам-Chirchiq” АЖ вакили Айсенам Байжанова “Кучсиз нитрат кислота ишлаб чиқаришда каталитик тозалаш босқичини модернизация қилиш ва натрий нитрит тузини маҳаллий ишлаб чиқариш” мавзусидаги лойиҳаси орқали импорт ўрнини босиш, чиқиндилардан маҳсулот олиш ва ресурсларни тежаш каби муҳим мақсадларга эришиш имконини тақдим этди. Таҳлилларга кўра, лойиҳа экологик хавфсиз, энергия тежамкор ва йиллик фойдаси 350 минг АҚШ долларини ташкил этади. У ўзини 1,5 йилда оқлайди.
Танлов якунида:
-
1-ўрин — “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ходими Аслбек Аҳмедов,
-
2-ўрин — “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК вакили Бунёд Мирсаитов,
-
3-ўрин — Тошкент кимё-технология институти ходими Жалолиддин Эшбобаевга берилди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчилар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси