[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

04.06.2025. Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамкорлигида пойтахтимизда авиация соҳаси корхоналари ва аэропортлар ходимлари ўртасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг 120 йиллигига бағишланган “Раис кубоги – 2025” футбол мусобақаси ўтказилди.

“Авиаходимлар лигаси” доирасида ўтказилган “Раис кубоги – 2025” футбол мусобақаси ажойиб спорт тадбирига айланди. Ушбу мусобақада 12 та терма жамоа аъзолари иштирок этиб, беллашувлар олимпия тизимида ўтказилди. Терма жамоалар аъзолари бор куч-ғайратларини сафарбар қилган ҳолда ўз маҳоротларини кўрсатишди. Мусобақанинг барча босқичлари ҳакамлар томонидан ҳаққоний ва адолатли баҳолаб борилди.

Футбол мусобақасининг дастлабки босқичида жамоалар 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда гуруҳ ўйинларини ўтказишди. Гуруҳ босқичида энг яхши натижаларга эришган жамоалар плей-офф босқичига йўл олиб, финал учун курашдилар.

Мусобақанинг учинчи ўрин учун кечган баҳсларида Қарши ва Наманган аэропортлари жамоалари тўқнаш келишди. Қизғин ва кескин ўйинда 0:1 ҳисобида Наманган аэропорти жамоаси ғалаба қозонди, бу натижа жамоанинг тайёргарлик даражаси ва ғалабага бўлган иродасини яққол намоён этди.

Финалда эса Uzbekistan Airports Handling ҳамда Навоий аэропорти жамоалари куч синашди. Ҳар икки жамоа ўйинчилари юқори спорт маҳорати, жамоавийлик ва ҳақиқий футбол руҳини намоён қилишди. Муросасиз ва шиддатли тусда ўтган ўйинда Навоий аэропорти жамоаси рақибини 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.

2-ўринни “Uzbekistan Airports Handling” МЧЖ жамоаси, 3-ўрин эса Наманган халқаро аэропорти жамоаси қўлга киритди.

Мусобақа якунида 1-ўринни эгаллаган Навоий халқаро аэропорти жамоасига кубок ва 30 млн. сўм миқдоридаги ваучер топширилди. Мусобақада яхши натижаларга эришган терма жамоаларнинг ҳар бир аъзоси медал, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Турнир ташкилотчилари ва аэропорт раҳбарияти барча иштирокчи жамоалар ҳамда мухлисларга спорт байрамидаги фаол иштироклари, қўллаб-қувватлаганликлари учун чуқур миннатдорчилик изҳор этишди.

Бундай мусобақалар ходимлар ўртасида жамоавий руҳни мустаҳкамлаб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати