09.06.2025. Жорий йилнинг 5 июнь куни Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши мажлислар залида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти Кенгашининг II ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ. Қирғизалиев, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ф. Ханапияев, Федерациянинг Жиззах вилояти Кенгаши раиси ўринбосари А. Ихтияров, Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи М. Умаров, бошқарма бошлиғи ўринбосари Г. Баҳрамова, шунингдек таклиф этилган меҳмонлар ва делегатлар иштирок этдилар.
Делегатлар томонидан Жиззах вилояти Кенгашининг 2021 йил апрелидан 2025 йил июнигача бўлган фаолияти “қониқарли” деб баҳоланди ва тафтиш комиссияси ҳисоботи тасдиқланди.
Ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисидаги Низомнинг 3.3.22-бандига мувофиқ, ишлаб чиқаришдан озод этилган ҳудудий Кенгаш раислари ва уларнинг ўринбосарлари муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан сайланиши белгиланган. Ушбу талабга мувофиқ, кўпчилик овоз билан Якубов Мелитожи Юсупович Жиззах вилояти Кенгаши раиси лавозимига сайланди.
Шу билан бирга, вилоят Кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси таркиби, шунингдек комиссия раиси сайланди.
Кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Конференция якунланганидан сўнг, Жиззах вилояти Кенгашининг 1-йиғилиши ўтказилиб, Раёсат аъзолари ҳамда жамоатчилик асосида Кенгаш раиси ўринбосари сайланди.
Шунингдек, кейинги беш йиллик даврда Кенгаш олдида турган муҳим устувор вазифалар белгилаб олинди.
Конференция Устав талабларига мувофиқ, мазмунан бой ва демократик руҳда ўтди.