[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

09.06.2025. Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида барпо этилган “Ҳумо” болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди.

Мазкур оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг Холразм вилоят кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, устоз ва мураббийлар, нуронийлар, касаба уюшма ва маҳалла фаоллари, ота-оналар ва болажонлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мурод Ачилов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Хуршид Умаров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова ва бошқалар юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг аҳамияти, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва эҳтиёжманд оилаларга яратилаётган шарт-шароитлар, хусусан, ёш авлод камолоти, бахту саодати йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталдилар. Ушбу оромгоҳ нафақат Хоразм вилояти, балки Оролбўйи болаларини соғломлаштиришда муҳим ўрин тутадиган муаззам иншоот эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, жорий йилги мавсумда Республика миқёсида жами 1 428 та оромгоҳда 327 минг 454 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган. Шундан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги 81 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида 76 655 нафар бола соғломлаштирилади.

“Ҳумо” болаалр соғломлаштириш оромгоҳини Хоразм вилоятининг чекка ҳудудида янгидан қуриш ташаббуси Президентимиз томонидан илгари сурилган эди. Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган ушбу иншоотни ўз муддатида болажонларга туҳфа қилиш учун қўли гул қурувчилар фидокорона меҳнат қилдилар.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар оромгоҳдаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. 5,8 гектар майдонда 45 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган 200 ўринли ушбу замонавий оромгоҳ мавсум давомида 1000 нафар болажонларнинг нафақат мароқли дам олишлари, балки уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, иқтидорларини юзага чиқариш, спорт ва санъат билан шуғулланишлари учун ҳам барча қулайликларга эга. Хусусан, амфитеатр, бассейн, ошхона, футбол майдони, шинам ётоқхона, тўгарак хоналари, кутубхона ва бошқалар болажонлар хизматида.

– Бу ерда болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, қолаверса билим ва кўникмаларини ошириши, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, спорт ва санъат билан шуғулланишлари учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Тарбиячилар, тўгарак раҳбарлари, ошпазлар, тиббиёт ходимлари билан улар хизматига шаймиз, – деди оромгоҳ раҳбари Санжарбек Бекчанов.

Шуни ҳам айтиш керакки, оромгоҳнинг ишга тушиши муносабати билан 30 дан зиёд иш ўринлари яратилди. Иш билан банд қилинганларнинг 10 дан зиёди “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизлар эканлигини таъкидлаб, аҳоли бундан мамнунлигини билдирди.

– Оромгоҳ менга жуда ёқди. Бизга бундай муҳташам кошона қуриб берган Президентимиздан миннатдормиз, – дейди ўн яшар Лолахон Бозорбоева. – Бизнинг гуруҳимиз “Орзулар қаноти” деб номланади. Тарбиячиларимиз, тўгарак раҳбарлари жуда меҳрибон. Эрталабдан бадан тарбия машғулотлари билан шуғулланамиз. Нонушта қилиб, машғулотларни бошлаймиз. Кун давомида зерикиш нималигини билмаймиз.  Кечурунлари эса турли танловларда қатнашяпмиз. Биз Ўзбекистон болалари жуда-жуда бахтлимиз.

– Бугунги кунда юртимизда ёш авлоднинг соғлом ва баркамол вояга етиши, уларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини кенгайтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Бу йил ёз мавсумида Хоразм вилояти бўйича жами 27 оромгоҳда 12 мингга яқин болажонларни соғломлаштириш белгиланган.  Барча оромгоҳларда бунинг учун зарур шароитлар яратилган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева. -“Хумо” каби янги ва замонавий оромгоҳлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётгани  юртимизда Давлатимиз раҳбари бошчиликларида болаларга, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Муҳаббат Тўрабоева