11.06.2025. Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят ташкилотининг II ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Конференция кун тартибидаги биринчи масала юзасидан тармоқ касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Ботир Усмонов вилоят Кенгашининг 5 йиллик ҳисобот давридаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берди. Шундан сўнг тафтиш комиссияси ҳиисоботи тингланди.
Делегатлар тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятига бир овоздан қониқарли баҳо бердилар ва тафтиш комиссияси ҳисоботини тасдиқладилар.
Тармоқ касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси сайлови муқобиллик асосида бўлиб ўтди. Яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда Ботир Усмонов кўпчилик овоз билан тармоқ касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раислигига қайта сайланди.
Конференцияда тармоқ касаба уюшмаси вилоят Кенгаши таркиби, тафтиш комиссияси аъзолари ва раиси ҳамда юқори касаба уюшма органларининг Конференция ва Қурултойларига делегатлар ҳам сайланди.
Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Одилжон Мирзаев, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Эркин Байниязов иштирокчиларга бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан фаолиятнинг устувор йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ва мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик борасида маълумот бердилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати