[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

13.06.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори, ташаббуслари ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёш касаба аъзоларининг ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, маънавий ва интеллектуал ривожини таъминлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёш ходимлар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини уларнинг билим салоҳиятини юксалтириш, мантиқий ва ижтимоий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилди. Унда еттита тармоқ касаба уюшмалари вакиллари ўзаро беллашишди.

Йигирмата мантиқий, фалсафий ва тарихий саволдан иборат бўлган ўйин якунларига кўра:

  • таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг “Жайҳун” жамоаси — биринчи ўрин,

  • давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг “Қалқон” жамоаси — иккинчи ўрин,

  • маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасининг “Ренессанс” жамоаси — учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жамоа шартномаларида ёшлар учун назарда тутилган имтиёз ва имкониятлар уларнинг жамоа ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, “Мен донорман!”, “Қон — бу ҳаёт”, “Саломатлик сари” каби акция ва марафонлар ташкил этилди ҳамда ёшларнинг фаол иштироки таъминланди. Шунингдек, ёшлар ўртасида экологик онгни юксалтириш мақсадида “Экотуризм” акцияси ўтказилди.

Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилаётган саёҳатлар, музейларга ташрифлар, танловлар ва спорт мусобақаларида ҳам ёшлар жонкуярлик билан иштирок этмоқда.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай тадбирлар касаба уюшмалари томонидан изчил давом эттирилади.

Бахтиёр Исмоилов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси