18.06.2025. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши томонидан 2021–2025 йиллар мобайнида меҳнат қонунчилиги ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш мақсадида тизимли ҳамда изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида вилоятдаги 89 та тиббиёт муассасаси ва ташкилотда жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилиб, 11 627 нафар тиббиёт ходимининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Бундай тадбирлар натижасида ходимлар фойдасига 6 миллиард 503 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули ундириб берилди.
Жумладан, жамоатчилик назорати асосида 9 743 нафар тиббиёт ходимининг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 3 миллиард 931 миллион сўм миқдорида компенсация тўланди. Шунингдек, меҳнат инспекциясига келиб тушган 416 та мурожаат юзасидан 1 671 нафар ходимнинг манфаати ҳимоя қилинди ва уларга 2 миллиард 572 миллион сўм миқдоридаги маблағ қайтарилди.
Бундан ташқари, суд органларига 98 та даъво ва буйруқ тартибидаги аризалар юборилиб, 280 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиши таъминланди ҳамда 568 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
– Меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши – бу фақат бир ходимнинг эмас, балки бутун жамиятдаги ижтимоий барқарорлик ва ишонч муҳитига таъсир этувчи муҳим масаладир, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Акбархон Мирзахонов. – Ҳар бир мурожаат батафсил ўрганилади, таҳлил қилинади ва ҳуқуқий механизмлар орқали ечим топилади. Жамоатчилик назорати, касаба уюшма мутахассислари, меҳнат инспекцияси ва суд органлари билан ҳамкорликда минглаб тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари тикланишига эришдик. Бош мақсадимиз — тиббиёт соҳасида меҳнати билан жамият фаровонлигига ҳисса қўшаётган ҳар бир ходим ўз ҳуқуқларини билсин, ҳимоялана олсин ва меҳнати муносиб қадрлансин.
Ҳисобот даврида Сирдарё вилояти касаба уюшмалари кенгашига жисмоний ва юридик шахслар томонидан 609 та мурожаат келиб тушган. Шулардан 437 таси ёзма, 146 таси оғзаки, 12 таси электрон тарзда, 14 таси эса ишонч телефони орқали қабул қилинган.
Мурожаатлар йўналишларига кўра, 150 таси ҳуқуқий ҳимоя, 91 таси меҳнат муҳофазаси, 175 таси ижтимоий-иқтисодий манфаатлар, 78 таси моддий ёрдам, 115 таси бошқа масалаларга тааллуқли бўлган.
– Келиб тушган мурожаатлардан 383 таси қаноатлантирилди, 221 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 5 та мурожаат эса тегишли идораларга юборилди. Шунингдек, 283 ҳолат бўйича иш берувчиларга расмий тақдимномалар юборилган, 74 ҳолатда эса судга даъво аризалари киритилган, – дейди Акбархон Мирзахонов.
Энг муҳими, соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходимининг меҳнат ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилиниши, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари таъминланиши касаба уюшмасининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда.
Тизимда адолат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш орқали тиббий хизмат сифати оширилади, ходимлар салоҳияти тўлиқ рўёбга чиқади. Шу мақсадда амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов