[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

19.06.2025. Ўзбекистонда Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Ҳафталиги доирасида кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай муҳим тадбирлардан бири — Хива шаҳридаги “Арда Хива” туристик мажмуасида ташкил этилган гала-концерт бўлди. У Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилди.

Тадбирда соҳада меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фаол иштирок этишди. Гала-концерт орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда касаба уюшмалари қандай ҳисса қўшаётгани ҳамда уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун яратилаётган шароитлар кенг жамоатчиликка намоён этилди.

Тадбирнинг асосий мақсадларидан бири — касаба уюшмалари фаолиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, ташкилот аъзолари сафини кенгайтириш орқали ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, меҳнат хавфсизлиги ва соғлом, барқарор иш муҳитини таъминлаш, оилаларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.

Гала-концертда миллий ва замонавий куй-қўшиқлар, рақслар, ижодий чиқишлар намойиш этилди. Қатор интерактив ўйинлар ва кўнгилочар дастурлар меҳнаткашлар ҳамда уларнинг яқинлари учун ҳақиқий байрам муҳитини яратди.

Юртимизда меҳнат инсонларига бўлган эътибор йил сайин ортиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Эл азиз — инсон азиз” ғояси барча соҳаларда, жумладан меҳнат муносабатларида ҳам устувор тамойилга айланди. Бу жараёнда касаба уюшмалари ўз ўрни ва масъулиятини тўла англаб, ҳар бир аъзосининг манфаатларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этмоқда.

Мазкур гала-концерт нафақат байрамона муҳит яратишга, балки меҳнат жамоаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва касаба уюшмалари фаолиятининг аҳамиятини ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик орасида янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилди.