14.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда “Ёшлар ойи” доирасида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши тизимидаги муассасаларда фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида “Касаба уюшмалари ёшлари – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори остида “ЗАКОВАТ” интеллектуал ўйини ўтказилди.
“ЗАКОВАТ” ўйинининг очилиш маросимида Самарқанд вилоят кенгаши раиси С. Рафиков иштирок этиб, иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи ҳақида қисқача маълумот берди ва ёшларга катта имкониятлар яратилаётганини, уларнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” эканлигини алоҳида таъкидлаб, барчага омад тилади.
Мазкур интеллектуал баҳсда вилоят кенгаши тизимидаги туман–шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда йирик бошланғич ташкилотларда фаолият юритаётган ёш ходимлардан иборат 14 та жамоа ўзаро беллашди.
Қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўлган ўйинда 1-ўринни Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасининг “Адреналин” жамоаси эгаллади. Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасининг “Жомбой” жамоаси 2-ўрин, Санэпид қўмитасининг Самарқанд вилоят бўлими “Тиббий назорат” жамоаси эса 3-ўринни забт этди.
Ғолиб жамоаларга касаба уюшмалари эсдалик совғалари, дипломлар ҳамда Хоразм вилоятига ташкил этиладиган уч кунлик бепул саёҳатга юбориш сертификатлари топширилди.