13.08.2025. 2025 йил 12 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмасининг VIII Қурултойи бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқ фаровонлигини ошириш йўлида барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда катта ўзгаришлар рўй берди. Бу жараёнда мамлакатимизнинг энг йирик жамоат ташкилоти — касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон»нинг «Янги касаба уюшмалари» шаклланиб, ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида сўнгги ҳисобот-сайлов кампанияси 2020 йилда ўтказилган эди. Тармоқ касаба уюшмаси Уставида барча даражадаги органлар ваколат муддати 5 йил этиб белгилангани сабабли, 2025 йилда навбатдаги ҳисобот-сайловлар ўтказилди.
Ҳисобот-сайлов йиғилишлари давомида фаолият натижалари таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар ва камчиликлар кўриб чиқилди ҳамда келгусидаги устувор йўналишлар белгилаб олинди. VIII Қурултой ҳам тармоқ касаба уюшмалари фаолиятини муҳокама қилиш, янги вазифаларни белгилаш ва раҳбар органларга номзодларни сайлашда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев, Федерация бош юристи Х.Премқулов, «Uzautosanoat» АЖ бошқарув раиси У.Розуқулов, «Uzeltexsanoat» уюшмаси бошқарув раиси М.Юнусов, йирик ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, делегатлар, меҳнат фахрийлари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қурултойда «2020–2025 йиллардаги фаолият ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида миллий тараққиётнинг янги босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари» мавзусида ҳисобот-маъруза тингланди. Делегатлар ва меҳмонлар мазкур ҳисоботга таянган ҳолда Республика Кенгаши фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар ва тафтиш комиссияси ҳисоботини тасдиқладилар.
Сайловлар якунида Республика Кенгаши раиси ва ўринбосарлари муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Шунингдек, тафтиш комиссияси раиси, Кенгаш ва Ижроия қўмита аъзолари, Федерациянинг IX Қурултойига делегатлар ҳамда Федерация бош Кенгаши таркибига вакиллар белгиланди.
VIII Қурултой кўтаринки руҳда, иштирокчиларнинг ташаббускорлиги ва фаол иштироки билан ўтди.