[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

14.08.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмасининг IV Қурултойи бўлиб ўтди. Унда белгиланган вакиллик меъёрига мувофиқ сайланган 70 нафар делегат, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Биринчи резинотехника заводи” масъулияти чекланган жамияти, “Навоийазот” акциядорлик жамияти раҳбар ва мутасаддилари ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Тафтиш комиссияси аъзолари иштирок этдилар. Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 2020 йил августдан 2025 йил августгача бўлган даврдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот тингланди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳада инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда эришилаётган ижобий натижалар кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари мазкур жараёнларда фаол иштирок этиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида тизимли ишлар амалга оширмоқда. Натижада фаолият самарадорлиги ортиб, мамлакат миқёсида касаба уюшмалари аъзолари сони сезиларли даражада кўпайди. Хусусан, 2020 йилда уларнинг сони 5 миллион нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда — 7,5 миллион нафарга яқин.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан йўллаган табригида:
“Ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат мустаҳкам қарор топади”, — дея алоҳида таъкидлаганлар.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тармоқ тизимидаги барча корхона ва ташкилотларни касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Натижада касаба уюшма қўмитаси тузилган меҳнат жамоаларининг қамрови, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгайди, шу жумладан нодавлат секторида ҳам. Ҳисобот даврида тармоқ касаба уюшмасига аъзо ташкилотлар сони 38,8 % га ошди. Хусусан, нодавлат секторидаги 270 та корхона ва ташкилотда касаба уюшмаси қўмиталари тузилди. Агар 2020 йилда аъзолар сони 60 270 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 70 135 нафарга етди.

Бундан ташқари, тармоқ ва корхоналар даражасида ижтимоий шериклик ва мулоқот мустаҳкамланиб, жамоа-шартномавий муносабатлар ривожлантирилди. Тармоқ жамоа келишувлари ва шартномалари миллий қонунчилик ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ тузилиб, қонунчиликда белгиланганидан ташқари қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилди. Сифат ва таъсирчанлик оширилиши натижасида, йил давомида жамоа шартномалари орқали ҳар бир ходимга иш ҳақидан ташқари ажратилган маблағ миқдори ҳисобот даврида қарийб икки баробарга кўпайди: 2020 йилда 7 млн 921 минг сўм бўлган кўрсаткич 2024 йилда 14 млн 851 минг сўмга етди.

Яна бир муҳим жиҳат — касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида тузилган жамоа шартномалари ва келишувлари асосида тармоқ тизимидаги ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи изчил равишда ошириб борилди. 2020 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 637 минг 500 сўм бўлган бўлса, 2024 йилда 7 млн 100 минг сўмга етди, бу эса 2023 йилга нисбатан 16,8 % га кўпдир. Иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва қарздорликка йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик назорати йўлга қўйилди.

Ҳисобот даврида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашига келиб тушган 171 та мурожаатнинг барчаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилиб, ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан 147 та назорат-профилактика тадбирлари ўтказилди. Шу давр мобайнида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 616 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддатли фойдаланишга мўлжалланган товарларни харид қилиш учун жами 6 млрд 740 млн 200 минг сўм фоизсиз ссуда берилди. Ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши стипендияси таъсис этилди. Шунингдек, ҳисобот даврида 2 264 нафар ишчи-ходим 9 млрд 185 млн сўмлик йўлланмалар билан санаторий ва дам олиш уйларига юборилди. Ёзги болалар оромгоҳларида 23 780 нафар бола соғломлаштирилди.

Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш мақсадида қатор хорижий турдош касаба уюшмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатди.

Қурултой делегатлари Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли деб баҳоладилар. Шунингдек, Тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланиб, тасдиқланди. Муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан ўтган сайловда энг кўп овоз олган Нигора Алимжонова Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси этиб сайланди.

Шунингдек, Қурултойда Республика Кенгаши ва Тафтиш комиссияси таркиби, Ижроия қўмитаси аъзолари, Тафтиш комиссияси раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар ҳамда Федерация Бош Кенгашига вакиллар сайланди.

Анжуманда хорижий турдош касаба уюшмалари томонидан Қурултой ва унинг делегатларига йўлланган видеотабриклар намойиш этилди.

Муҳокама этилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгуси фаолиятга оид долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати